Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сайёҳларда норозилик бор. Нега?

Алишер Навоий номидаги истироҳат боғидан ўтаётсам япониялик отахон қўлидаги қоғозга ёзилган жумлани кўрсатиб, супермаркет қаердалигини сўраб қолди. Қоғозда япон ва ўзбек тилларида ёзилган 10 та муҳим сўздан иборат луғат ёзилганди. Япон тилини тушунмаганим учун яқин атрофдаги супермаркетни кўрсатиб, ўйланиб қолдим. Самарқанд - туризм шаҳри. Кунига минглаб сайёҳлар ташриф буюради. Бугун сайёҳлар оқими ўтган йилларга нисбатан икки баробарга ошган. Аммо уларга хизмат кўрсатиш борасида камчиликларимиз намоён бўлаётгани сир эмас. Буни чет эллик сайёҳларнинг фикридан ҳам билиш мумкин.

МЕҲМОНХОНАДА ШАҲРИНГИЗГА ХОС МУҲИТ ҲУКМРОН

Эрта тонгда Амир Темур мақбарасига борар экансиз, у ердаги юзлаб зиёратчиларни кўриб, Самарқанд заминимиз қанчалик сеҳрли эканлигига яна бир бор амин бўласиз.

- Самарқандга охирги марта 50 йил олдин келгандим, - дейди россиялик Людмила Сергеевна. - Шаҳар таниб бўлмас даражада ўзгарибди. Одамлардаги самимийлик ҳам бизни ўзига маҳлиё этди. Мўъжазгина меҳмонхонада жойлашганмиз. Келишимиздан олдин "Арзон меҳмонхона буюртма қилгансизлар, хизматлар ва шароитлар ҳам шунга яраша бўлади", деб қизим юрагимга таҳлика солганди. Аммо меҳмонхонадаги озодалик, муҳит ва безак усуллари бунинг акси эканлигини намоён этди. Асосийси, ўзбекона ҳаёт ҳукмрон.

Амир Темур мақбараси ходимининг айтишича, ҳафта кунига қараб сайёҳлар оқими ўзгариб туради. Мисол учун, байрам, шанба ва якшанба кунлари маҳаллий сайёҳлар кўп ташриф буюрса, бошқа кунлари чет эллик сайёҳлар кўпроқ келишар экан. Бир кунда ўртача 2000 дан ортиқ чет эллик ва минглаб маҳаллий сайёҳлар мажмуани зиёрат қилади.

БУХОРОДА ТАРЖИМОН, САМАРҚАНДДА ҲОЖАТХОНАЛАР КАМЛИГИ МУАММО БЎЛДИ

- Кеча Бухородан шаҳрингизга келдик, - дейди Испания давлатидан ташриф буюрган сайёҳ Марта Хуан. - Бухорода испан тилида таржимон топа олмадик. Ҳожатхоналари ҳам кам. Самарқандда ҳам шу ҳолат кузатилди, аммо таржимон топишда муаммо бўлмади. Ҳожатхоналардаги ҳолат одамнинг таъбини хира қилар экан. Кейин кечқурунлари кўпгина тамаддихоналарда жой йўқ. Тур фирмасиз келган биз каби саёҳатчилар овқатланиш учун жой излаб сарсон бўляпти. Шунингдек, меҳмонхоналарда ҳам овқатланиш хизматини жорий қилиш лозим.

Амир Темур мақбарасидан пиёда Регистон томон йўл олдик. Тур фирмалар билан келган сайёҳлар машина, автобусларда, ўзлари айланиб юрган сайёҳлар пиёда кетишни афзал билмоқда. Италиялик сайёҳнинг фикрича, меҳмонхона, супермаркет, тарихий жойларни кўрсатувчи йўл кўрсаткичларни жойларда ўрнатиш лозим. Чунки томоша қиладиган асосий тарихий обидалар бир-бирига жуда яқин жойлашган. Лекин буни барча сайёҳлар ҳам билмайди.     

Регистон майдони турли давлатлардан келган туристлар билан гавжум. Назоратчи ходим Япония ва Туркия давлатларидан сайёҳлар кўп келганини таъкидлади. Шунингдек, Германия, Франция, Италия ва Испания давлатидан ҳам сайёҳлар кўп келмоқда.

САЙЁҲЛАР САМАРҚАНДДАН НИМАНИ КЎПРОҚ ХАРИД ҚИЛАДИ?

Регистон мажмуасини айланар эканмиз, сайёҳларимизнинг вилоятимиздан нималар харид қилишига қизиқдик. Мажмуадаги учта мадрасада ҳам ҳунармандлар шохобчалари ташкил этилган. Уларнинг барчаси бир-бирини такрорламаган бўлиб, бирида гилам сотилса, бошқасида сўзана, бирида дўппи, ипак рўмоллар. Хўш, сайёҳларимиз эътибори нимада?

- 15 йилдан буён дўппи, ҳамён, сумка, турли тақинчоқлар билан савдо қиламан, - дейди Дилором Мансурова. - Сайёҳлар асосан қўл меҳнати асосида яратилган маҳсулотларимизга, ипак матоли рўмолларимизга қизиқишади. Шунингдек, кўзмунчоқ, ҳамён ҳам сотиб олишади. Асосийси, уларнинг кўнглига манзур бўлса бўлгани. Ёшига қараб ҳам қизиқишлари турлича. Кексароқ ёшлилар эсдалик нарсаларга аҳамият қаратса, ёшлар антиқа сувенирларга, магнитли кулолчилик маҳсулотларига қизиқади.

Сўзана, гиламчилик, кулолчилик савдо дўконларига кирганимизда, чет эллик сайёҳларнинг бу маҳсулотларни сотиб олиш учун эмас, томоша учун киришларини, асосий харидорлар маҳаллий сайёҳлар эканлигини эътироф этишди.

РЕСТОРАНЛАРДА КРЕДИТ КАРТАЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШНИ ЙЎЛГА ҚЎЙИШ ЛОЗИМ

Италиялик сайёҳларнинг Самарқанд шаҳрида туристларга хизмат кўрсатиш борасида эътирозлари талайгина экан. Улар жойларда йўл кўрсаткичларнинг ўрнатилмаганини алоҳида таъкидлади.

- Тўғри, шаҳрингиз жуда чиройли ва бетакрор, - дейди италиялик сайёҳ Дал Челе Лосиана. - Аммо эътибор берсангиз ташриф буюрувчи сайёҳларнинг аксарияти ёши катта, кекса кишилар. Ресторанларнинг олдидаги ариқчаларда кўприкчалар қурилмагани бир қатор ноқулайликларни келтириб чиқаряпти. Асосий марказий кўчаларга йўл кўрсаткичлар ўрнатиш лозим. Тарихий жойлар савдо шохобчаларига айланиб кетган, бизларни эса сизларнинг асрларга тенг обидаларингиз, миллий қадриятларингиз қизиқтиради. Ҳунармандлар томонидан мастер класслар ташкил этилса, янада яхши бўлар эди. Шунингдек, ресторанга кирганимизда айрим ҳолларда пулимиз етмай қолади. Кредит карточкадан тўловни амалга ошириш имконияти яратилмаган. Асосийси, меҳмонларга пулгами, текингами шаҳрингизнинг харитасини сотишни йўлга қўйиш керак. Чунки ҳар бир сайёҳ меҳмонхонадан саёҳатини бошлайди.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.