Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сайёр қабул: Мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилди

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Пахтачи туманидаги Шамси Назаров номли маҳаллада сайёр қабул ўтказди.

Қабул давомида аҳоли томонидан мактабгача таълим муассасалари ташкил этиш, йўлларни таъмирлаш, тоза ичимлик сув таъминотини яхшилаш, коммунал соҳадаги камчиликларни бартараф этиш, уй-жой билан таъминлаш, кредит олиш ва бошқа масалаларда 160 дан зиёд мурожаат тушди.

Масалан, Каттақўрғон шаҳар Жизмонсой маҳалласида яшовчи Қурбонқул Норқулов шаҳардаги ички йўллар носоз ҳолга келганлиги, таъмирланаётганлари эса сифатсиз бажарилаётганлиги юзасидан мурожаат қилди. Вилоят ҳокими бу масала бўйича шаҳар ҳокимлиги ҳамда йўл қурилиши корхоналари раҳбарларига топшириқлар берди.

Ургут тумани Катта Торинжак маҳалласида яшовчи Раъно Султонованинг хусусий мактабгача таълим муассасаси очиш учун ер майдони ажратиш масаласидаги мурожаатига шу ернинг ўзида ижобий ечим топилди.

– Муаммоларни ҳал этишга барчамиз бирдек масъулмиз, – деди Э.Турдимов. – Бугун ҳал этмасак, ечимини кутаётган масалалар кундан-кунга ортиб боради. Шунинг учун ҳар бир раҳбар ва мутасаддилар аҳоли томонидан тушган мурожаатларга масъулият билан ёндашиши лозим. Шундагина давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак, деган ғоя амалда ўз исботини топади.

Сайёр қабулдан сўнг мурожаатларни ҳал этишга масъул этиб белгиланган мутасаддилар аҳоли билан юзма-юз мулоқот ўтказди.

Иззатулла НОРҚУВВАТОВ.