Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сайёр қабул натижалари қандай?

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Турдимов 24 ноябрь куни Пахтачи туманида сайёр қабул ўтказган эди.

Вилоятдаги барча корхона-ташкилот, бошқармалар бошлиқлари иштирок этган қабулда 500 дан зиёд масалалар бўйича мурожаатлар кўриб чиқилганди. Мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилган бўлса, ечимига вақт талаб қиладиган муаммолар тегишли ташкилот масъуллари зиммасига юклатилган эди.

Жумладан, туманнинг Жаҳонобод маҳалласида яшовчи Юлдуз Алиқулова тикув машинаси сўраб мурожаат қилган.

– Иккинчи гуруҳ ногирониман, – дейди Ю.Алиқулова. – Ўзим 20 йилдан буён қуроқчилик, кўрпа-ёстиқ тикиш билан шуғулланаман. Туман миқёсида ўтказилаётган танловларда ҳам фаол иштирок этаман. Шароитим бироз оғир бўлганлиги учун вилоят ҳокимига ёрдам сўраб мурожаат қилгандим. Эртаси куни мутасаддилар уйимга тикув машинасини ўрнатиб кетишди.

– Маҳалламизда ичимлик сув йўқлигидан азият чекаётган эдик, – дейди Янгобод маҳалласида яшовчи Иродахон Тўхтаева. – Туманимизда ўтказилган сайёр қабулда бунга алоҳида эътибор қаратилди. Вилоят "Сувоқова" давлат унитар корхонаси томонидан маҳалламизга салкам бир километр узунликда ичимлик сув қувури ётқизилиб, бу муаммо бартараф этилди. Маҳалламиз аҳли давлатимиз халқ дардини тинглаб, муаммоларни ўз вақтида бартараф этадиган бундай тизимни жорий этганидан беҳад хурсанд.

Б.ХОНКЕЛДИЕВ.