Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сектор раҳбарларига депутатларнинг гапи йўқми?

Бугун вилоят ҳокимлигида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳудуддаги асосий ВАКИЛЛИК ОРГАНИ. Қайси масала бўлмасин Кенгаш рухсатисиз амалга ошириб бўлмайди. Биргина мисол, бундан олдинги сессияда вилоят бюджетининг ўтган йилдан ортиб қолган 3 миллиард сўмдан кўпроқ маблағини қаерга, қанча сарфланиши белгилаб берилди.

Бу галги, ҳисоб бўйича тўртинчи сессияда ҳам муҳим масала –  ДАВЛАТ РАҲБАРИНИНГ ЁШЛАР БИЛАН ИШЛАШНИ ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ, ИШНИ ЯНГИЧА ТАШКИЛ ЭТИШ БОРАСИДАГИ ТОПШИРИҒИНИНГ ИЖРОСИ кўриб чиқилди.

Таъкидлаш лозимки, сессия ишида Президент администрациясидан вакил иштирок этди. Нафақат вилоят, балки туман ва шаҳарлардаги кун тартибидаги масалага масъул мутасаддилар сессияга таклиф қилинди.

Шу икки ҳолатнинг ўзи сессиянинг масъулиятини кўрсатиб турибди. Аммо ...

Афсуслантирган жиҳатни баён қилишдан олдин айрим масалаларга тўхталиб ўтсак. Яқинда ижтимоий тармоқларда депутат сўровига баъзи раҳбарлар жавоб қайтармаётганлиги ҳақида хабар тарқалди. Бундай масъулиятсиз мутасаддиларга чора кўриш тўғрисида фикрлар билдирилди...

Ўтган уч сессияда, ўзи умуман, сайлов якунлари эълон қилингандан буён вилоят раҳбари депутатларни жамият ҳаётида фаол бўлишга чақирмоқда.

... Сессия ишида вилоятнинг тўртта сектор раҳбари – ҳоким, прокурор, ИИБ ва давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ёшлар билан қандай иш олиб бораётгани, келгусидаги режалари ҳақида маълумот берди.

Одатда, асосий маърузалардан сўнг депутатлар масала бўйича ўз таклифи, мулоҳазасини билдиради ёки савол беради. Минг афсуски, бу гал депутатларимиз фақат масала юзасидан тайёрланган қарор лойиҳасини маъқуллашди, қўл кўтариб тасдиқлаб беришди.

Бир нафар депутатгина тўртинчи сектор раҳбари – вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғига савол билан мурожаат қилди.

Майли, депутатлар муаммоларни очиб ташламасин, лекин нега бунақа, нима учун шундай бўлаяпти, деб ҳар куни кўриб, эшитиб юрганлари ҳақида сўраши мумкин эдику.

Ҳурматли депутатларимизга ким тушунтиради? Кенгашга вилоятдаги ҳар бир раҳбар, у жамоат ташкилоти бўлса ҳам (одатда айрим жамоат ташкилотлари вилоятлар бўйсунувига кирмайди) ҳисобдор. Ҳисобот эса айнан депутатлар – халқнинг вакилларига берилаяпти. Улар эса бир йўла ҳаммасини тушуниб олиб, маъқуллаб қўя қолишди.