Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Шаҳар ва туман ахборот-ресурс марказларига китоб совға қилинди

Ўзбекистон Республикаси Болалар кутубхонаси томонидан вилоятимиздаги шаҳар, туман халқ таълими бўлимлари тасарруфидаги ахборот-ресурс марказларига 30 номдаги бадиий адабиётлар ва 40 номдаги 80 дона аудиокитоблар тарқатилди.

Ушбу китоблар тўпламидан Худойберди Тўхтабоев, Абдулла Қодирий, Ўткир Ҳошимов, Чўлпон, Эркин Воҳидов, Анвар Обиджон, Чингиз Айтматов, Антон Чехов каби ўзбек ва жаҳон адабиётининг забардаст ижодкорларнинг энг сара асарлари, ўзбек халқ эртаклари, болалар учун бадиий адабиёт мажмуалари жой олган.

- Бугунги кунда кутубхонамизда 95 мингдан зиёд бадиий ҳамда 20 мингдан зиёд электрон китобларимиз бор, - дейди вилоят ахборот-ресурс маркази директори Юсуф Муҳаммадиев. – Жорий йилда китоб фондимизни бойитиш мақсадида 60 миллион сўмлик болалар учун мўлжалланган китоблар олиб келишни режалаштирганмиз.

Вилоят Болалар кутубхонасида бўлиб ўтган тадбирга “Шалола” тўгараги аъзоларининг мусиқий чиқишлари баҳорий кайфият бағишлади.     

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.