Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ШАРҲ: Фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга тўсқинлик қилувчи муаммо ва камчиликлар бор

Мамлакатимиз миллий ҳуқуқ тизимида кўлами ва моҳияти нуқтаи-назаридан ислоҳотларнинг янги даври бошланган бўлса-да, ҳануз жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини оширишга тўсқинлик қилувчи бир қатор муаммо ва камчиликлар сақланиб қолинмоқда.

"Биз жамиятимизда шундай ҳуқуқий маданиятни шакллантиришимиз керакки, 

унга мувофиқ Конституция ва қонунларга амал қилиш, бошқаларнинг ҳуқуқ

 ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш мажбурият эмас, 

балки кундалик қоида ва одатга айланиши шарт".

 

Шавкат Мирзиёев 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

Худоёр МАМАТОВ, 

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Хадиича Сулаймонова 

номидаги Республика суд экспертизаси 

марказининг директори, 

юридик фанлар доктори, профессор

01.jpg

Шубҳасиз айтиш мумкинки, сўнгги йилларда мамлакатимиз миллий ҳуқуқ тизимида кўлами ва моҳияти нуқтаи-назаридан ислоҳотларнинг янги даври бошланди. Янги даврнинг муҳим талаби сифатида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, унинг қонуний манфаатларини амалда таъминлашга нисбатан муносабатни тубдан ўзгартириш – тизимдаги ислоҳотларнинг бош ғоясига айланди. 

 

Ҳар томонлама ривожланган, эркин ва фаровон, қонун устувор бўлган, замонавий демократик давлатлар қаторига қўшилиш – Ўзбекистоннинг стратегик мақсади этиб белгиланди. Бугунги кунда ушбу улуғвор мақсадга эришиш учун мамлакатимизнинг барча соҳаларида – кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ислоҳотларнинг самарали амалга оширилиши, ўз навбатида, мамлакатимизнинг ривожланган демократик ҳуқуқий давлатлар сафидан ўрин олишини таъминлашга хизмат қилади.

 

Албатта, давлат ва жамиятнинг ривожланганлигини белгилайдиган бир қатор муҳим омиллар бор. Биз қисқа қилиб, бунинг учта жиҳатини санаб ўтамиз:

 

  • биринчидан,жамият аъзоларининг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий маданияти, ҳуқуқий саводхонлик даражаси баланд бўлиши лозим;

 

  • иккинчидан,ривожланган жамият аъзоларининг, давлат фуқароларининг ижтимоий-сиёсий фаоллиги юксак бўлиши керак;

 

  • учинчидан,давлат фуқароларининг жамиятдаги ислоҳотларга нисбатан дахлдорлик туйғуси мавжуд бўлиши шарт.

 

Тўғрисини айтиш керак, ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданият, ҳуқуқий саводхонлик ҳақида гап кетганда кўпчилигимизда фақат қонунларни билиш ёки улардан хабардорлик даражаси тушунилади. Аслида бу жуда кенг тушунча бўлиб, юқорида санаб ўтилган давлат ва жамиятнинг ривожланганлигини белгилайдиган учала омилни ҳам ўз ичига олади. 

Чунки, ҳуқуқий маданияти юксак инсонлар қонунларга итоаткор бўлади, ҳамиша унга бўйсинади ва қонунларга нисбатан ҳурмат билан қарайди. Бундай инсонлар қонунларда белгиланган қоидаларга зид ҳатти-ҳаракат қилмайди, аксинча, бошқаларни ҳам қонунларда белгиланган қоидаларга зид хатти-ҳаракат қилмасликка даъват этади. 

682f06b1a65e300.jpg

Ижтимоий-сиёсий фаол фуқаро жамиятда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга онгли муносабатда бўлиб, ислоҳотларга дахлдорлигини сезиб, давлат ва жамият олдидаги фуқаролик масъулиятини ҳис қилиб яшайди. Энг муҳими, у мамлакат тараққиётига амалий ҳисса қўшишга ҳаракат қилади, интилади. 

Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Шу боис, сўнгги йилларда миллий ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ҳамда малакали юридик кадрларни тайёрлаш борасида сезиларли ишлар амалга оширилди. Аммо, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат муносабатини шакллантиришга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини оширишга тўсқинлик қилувчи бир қатор муаммо ва камчиликлар сақланиб қолинмоқда.

Хусусан, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда, энг аввало, ҳуқуқий таълим ва тарбия борасидаги ишлар тизимли ва узвий олиб борилмаяпти. Узоқ йиллар давомида бу масала ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва айрим давлат органларининг иши сифатида қараб келиниб, бунда оила, маҳалла ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг иштироки етарлича таъминланмаган.

Ёшларнинг ҳуқуқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш, ҳар бир шахсда қонунларга ва одоб-ахлоқ қоидаларига ҳурмат, миллий қадриятларга садоқат, ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик ҳиссини уйғотиш ишига комплекс тарзда ёндашилмаган ва ҳоказо.

Мазкур тизимли муаммоларни изчил ҳал этиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир ишлар самарадорлигини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда ҳуқуқий билимларини ошириб боришнинг замонавий усулларини жорий этиш, шунингдек, аҳолини, айниқса, ёшларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш мақсадида 2019 йил 9 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармонга илова сифатида иккита жуда муҳим ҳужжатлар тасдиқланди. Булар, биринчиси: “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси” тасдиқланди. Ўз навбатида, Концепция тўрт қисмдан иборат бўлиб,биринчи қисм “Умумий қоидаларни” ўз ичига олган; иккинчи қисм “Концепциянинг асосий мақсади ва вазифалари”га бағишланган; учинчи қисм “Концепциянинг асосий йўналишлари” деб номланган бўлиб, беш бобни ўз ичига олган ва ниҳоят тўртинчи қисм “Концепциянинг қабул қилинишидан кутилаётган натижалар” башоратига бағишланган.

Юқорида қайд этилганидек, “Концепциянинг асосий йўналишлари” деб номланган 3-қисм беш бобдан иборат бўлиб, биринчи боб “Шахс, давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш”га; иккинчи боб “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда ҳуқуқий тарғиботнинг инновацион усулларини жорий қилиш”га; учинчи боб “Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш”га; тўртинчи боб “Юридик таълимни, шунингдек, юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш”га ва ниҳоят, бешинчи боб “Ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг илмий асосларини тадқиқ этиш”га бағишланган.

Таъкидлаш лозим, Концепциянинг ҳар бир қисми, ҳар бир боби илмий-амалий тадқиқот ва таҳлилллар, миллий ва хорижий тажрибага асосланган бўлиб ўта пухта ишланган. Жумладан, “Шахс, давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш” деб номланган биринчи боб мазмун ва моҳиятига кўра демократик жамият ва ҳуқуқий давлат тараққиётида муҳим аҳамият касб этувчи, ўта муҳим бешта кичик йўналишларни қамраб олган: 

  • биринчи йўналиш,“Оилада ҳуқуқий тарбияни шакллантириш ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш”; 
  • иккинчи йўналиш, “Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда маҳалла институтининг ролиникучайтириш”; 
  • учинчи йўналиш,“Таълим муассасаларида ҳуқуқий саводхонликни ошириш”; 
  • тўртинчи йўналиш,“Давлат органлари ва ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш”;
  • бешинчи йўналиш,“Аҳоли барча қатламларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш” учун амалга оширилиши зарур бўлган вазифаларни белгилаб берган.

Президент Фармони билан тасдиқланган иккинчи муҳим ҳужжат, “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепциясини 2019 йилда самарали амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” бўлиб, унга кўра Концепцияда белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш учун хаётий зарур бўлган, ўта муҳим 88 та банддан иборат чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

Қонун устуворлигини таъминлаш, шахс, оила, жамият ва давлатнинг ҳуқуқ ва манфаатлари муҳофазасини кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини ошириш, фуқароларни қонунга итоатгўйлик ва ҳурмат руҳида тарбиялаш – бу ривожланган бозор иқтисодиётига асосланган чинакам демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамияти қуришнинг нафақат мақсади, балки унинг воситаси, энг муҳим шарти ҳисобланади.

Бугунги кунда жамиятнинг умумий маданиятини, жумладан ҳуқуқий маданиятини юксалтириш – ҳуқуқий давлатни барпо этиш, шунинг баробарида адолатли фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим омили сифатида майдонга чиқмоқда. Шу сабабли, мамлакатимизда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳамда кучли фуқаролик жамиятини барпо этишда унинг беқиёс ўрни ва аҳамиятини илмий-назарий жиҳатдан кенг тадқиқ этиш ҳуқуқшунослик фанимиз олдида турган долзарб масалалардан биридир.

Фуқаролик жамияти ўзининг юксак маънавий ривожланганлиги ва илғор қадриятлари, шу жумладан, ҳуқуқий қадриятлари тизими билан тавсифланади. Фуқаролик жамиятининг мазмунини турфа ижтимоий-сиёсий, маънавий-аҳлоқий, иқтисодий ва ҳуқуқий қадриятлар ташкил этади.

Фуқаролик жамиятида ҳуқуқ ва бошқа ҳуқуқий ҳодисаларнинг нуфузи, тартибга солувчи қадр-қиммати, айниқса, ортиб боради. Фуқаролик жамияти ҳуқуқ воситасида ўзи учун ўта зарур ва қадрли бўлган неъматларни, яъни эркинлик, тенглик, адолат, демократия, тинчлик, тартиб-интизом, қонунийлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлайди. 

Ҳуқуқсиз – демократик қадрият ва тамойилларни, тенглик, шахс эркинлигини ва ҳоказоларни қарор топтириб бўлмайди. Ҳуқуқ ва қонунийликнинг қадр-қиммати айнан мана шундадир. Ҳуқуқнинг, ҳуқуқий нормаларнинг қадри шундаки, улар жамият аъзолари риоя этиши лозим бўлган фойдали хулқ-атворни шакллантиради. 

“Ҳуқуқий қадриятлар – ижтимоий муносабатларни самарали тартибга солишга, жамиятда қонун устуворлиги ва адолат тантана қилишига, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари собитқадамлик билан таъминланишига, юксак ҳуқуқий онг ва маданият шаклланишига хизмат қиладиган ҳуқуқий ҳодисалардир”. 

Фуқаролик жамиятини шакллантиришда ҳуқуқий қадриятлар алоҳида ўрин тутади. Ҳуқуқий қадриятлар – бу фуқаролик жамияти, давлат ва инсонлар ўртасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солишда хизмат қиладиган, жамият аъзолари томонидан эъзозланадиган ҳуқуқий нормалар, ғоялар, қарашлар, институтлар, тамойиллар ва ҳодисалар мажмуидир.

Мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш ўз навбатида ҳар бир киши ўзини тўла эркин ҳис этишини тақозо этади. 

Эркинлик қонун устуворлигини таъминлашнинг муҳим омилидир. Бобомиз Амир Темурнинг “Қаерда қонун ҳукмронлик қилса, ўша ерда эркинлик бўлади”, деган ўгитлари ҳозирги кунда ҳам ўзига хос маъно касб этмоқда. 

Жамият аъзолари ҳуқуқий хулқ-атворга эга бўлиши ва одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиши, улар ҳуқуқий маданиятини оширишга ҳам ёрдам беради. Янги жамият кишиларининг одоб-ахлоқи, энг аввало, жамиятда кишининг хулқи, юриш-туриши ва ҳаёт фаолиятининг маҳсули сифатида намоён бўлади. 

Жамият аъзоси ўзининг ҳуқуқий маданиятини шакл¬лантиришдан бевосита манфаатдор бўлиши ва ҳар доим уларнинг ижтимоий хавфли ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги, хулқ-атвори жамоатчилик назоратида бўлишини таъминлаш, ўз навбатида, қонунларнинг ижросини амалга оширишнинг муҳим гарови ҳисобланади.

Агар жамият аъзоси хатти-ҳаракатига, хулқ-атворига, одоб-ахлоқига ижтимоий баҳо берилмаса, ҳуқуқни қўлловчи идоралар томонидан қонуний муносабат билдирилмаса, бу ҳолат жамият учун ёт иллатларнинг илдиз отишига ёки тарқалишига сабаб бўлиши мумкин. 

Шахс хулқ-атворига жамоатчилик таъсири катта бўлиб, уларнинг камолотга эришувида ҳамда уларда инсоний фазилатлар шаклланишида муҳим омил ҳисобланади. Шу сабабли янги жамият фуқаросини тарбиялашда жамоатчилик назорати институтидан ҳам самарали фойдаланиш фуқаролик жамиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

Жамоатчилик назоратининг одоб-ахлоққа таъсири негизида қонунийлик, адолат, ҳақиқат, эркинлик каби тушунчалар моҳияти намоён бўлади. Шу сабабли янги жамият фуқароларининг Конституция ва қонунларни ҳурмат қилиши ҳамда унинг нормаларига риоя этиши улар хулқ-атворининг юксаклигидан далолат беради. Шунингдек, уларнинг ижтимоий фаоллиги, жамият ва давлат томонидан ижобий баҳоланадиган хулқ-атворга эга бўлиши талаб қилинади. 

Мамлакатда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантиришни ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтирмасдан амалга ошириб бўлмайди.

Шу муносабат билан, бугунги сиёсий-ҳуқуқий воқеликни ҳисобга олган ҳолда мамлакатимизда ҳуқуқий таълим ва маърифатни, жамиятда ҳуқуқий билимлар тарғиботини тубдан яхшилаш зарур.

Ҳуқуқий маданият юрт тинчлиги, Ватан равнақи, халқ фаровонлиги, деган юксак тушунчаларга ҳамоҳанг қадриятдир. Ҳуқуқий маданият диалектик жуфтлик бўлган давлат ва жамиятнинг ажралмас элементидир. 

Юксак ҳуқуқий маданият — эркинлик ва қонунга бўйсуниб яшаш, демакдир. Ҳаётимизни ҳуқуқсиз тасаввур этиб бўлмайди, чунки ҳуқуқни амалга ошириш ва уни ҳимоя қилиш учун шахс ҳуқуқий маданиятга эга бўлиши шарт. Шу боис ҳуқуқий маданият демократик тараққиётга эришишнинг давлат-ҳуқуқий воситасидир.

Хулоса қилиб айтганда, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш — Ўзбекистоннинг стратегик мақсади қилиб қўйилган ҳар томонлама ривожланган, эркин ва фаровон, қонун устувор бўлган, замонавий демократик давлатлар қаторига қўшилишнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.

Ушбу муҳим масалани онгли равишда англаб етган ҳолда, тинимсиз меҳнат, ташаббускорлик ва интилишлар эвазига қўлга киритилаётган ютуқ ва муваффақиятларга маҳлиё бўлиб қолмаслик, соҳта обрў олиш учун раҳбарлар меҳнатини қуруқ мақташ ва олқишлаш билан чегараланиб қолмаслик, аксинча, астойдил ҳаракат қилиш, ташаббускор-тадбиркор, элпарвар раҳбарга кўмакдош бўлиш, ўз зиммасига юкланган масъулиятни ҳис этиш, вазифани сидқидилдан бажариш, ён атрофдагиларга шахсий ўрнак бўлиш ҳар бир масъул инсон, жумладан, мансабдор шахслар фаолиятининг асосий мезони бўлиши шарт.

Ҳар бир фуқаро инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиши, давлат суверенитети ғояларига содиқ бўлиши лозим. Ижтимоий ҳаётда ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги ўзининг фуқаролик ва инсоний масъ¬улиятини англаши зарур. Ўзбек давлатчилиги ривожланишининг тарихий тажрибаси асосида миллий ҳуқуқий қадриятларни эъзозлаши ва уни ҳар томонлама тарғиб этиши керак. Демократик қадриятларни ҳурмат қилиши ва ижтимоий адолатга садоқатли бўлиши, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиши, юрт тинчлиги ва миллий тотувликни таъминлаш масъулиятини чуқур ҳис этиши лозим. 

Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: “Токи жамиятнинг ҳар қайси аъзоси ўз ҳуқуқи, ўз бурчи ва масъулиятини пухта билмас экан, уни ҳаётий эҳтиёж сифатида англамас экан, бизнинг ислоҳот, янгиланиш ҳақидаги барча сўзларимиз, саъй-ҳаракатларимиз бесамар кетаверади. Бугун одамларнинг дунёқараши, онги, тафаккурини ўзгартириш мана шу масала билан чамбарчас боғлиқ”.

 

ЎзА