Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Шерзод Шерматов: “Президентимиз ўқитувчининг маошини 1000 долларга етказиш керак, деб айтади”

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари иштирокида “Ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш билан боғлиқ муаммолар ва уларнинг ечимлари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтгани ҳақида хабар қилади “Халқ сўзи” газетасининг расмий сайти.

Анжуманда Шерзод Шерматов сўзга чиқиб, жамиятда ўқитувчининг мақомини юксалтириш, мавқеини ошириш, ижтимоий таъминланганлик даражасини кўтариш, ўқитувчини ўз хизмат вазифасидан ташқари ишлардан озод қилиш сингари соҳаларда амалга оширилаётган ишлар хусусида гапирди.

– Давлатимиз раҳбарининг энг биринчи қарори ҳам ўқитувчининг мақомини оширишга қаратилган эди, - деди халқ таълими вазири. – Вақти келиб, жамиятда ўқитувчининг мавқеи бундан ҳам юксалади. Президентимиз ҳар бир видеоселекторда “Ўқитувчилар ойлигини 1000 долларга чиқармагунча тўхтамаймиз”, деб кўп айтадилар. Насиб қилса, албатта, шу даражага борамиз, - деди Ш.Шерматов.                                                                                                                     Шунингдек, сайтда айтилишича, вазир шундай дейди:

- Буюк Британияда хусусий мактабларга эътибор катта бўлгани билан битирувчиларнинг атиги 7 фоизи хусусий мактаб ўқувчиларидир. Бизда охирги икки йилда хусусий мактаблар сони тўрт баравар ошди, аммо бу ҳали ҳеч қанча фоизни ташкил қилмайди. Келгусида ҳамма ёқни хусусий мактаблар босиб кетишидан асло қўрқмаслик керак.

Давлат мактабларига эътибор камаймайди. Бизнинг ҳозир энг биринчи муаммомиз коинотни тадқиқ этиш эмас, мактабларни сув билан таъминлашдан иборат. Аксарият мактабларда элементар нарсалар етишмайди. Қишда иситиш муаммо. Шундай ҳолатда кучли кадрларни етиштириш мумкинми?!