Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Шифокорга тажовуз қилмоқчи бўлган фуқаро устидан жиноий иш очилди

Кеча ижтимоий тармоқларда Андижонда шифокорларга пичоқ билан тажовуз қилинганлиги акс этган видеолавҳа тарқалди. Ушбу ҳолат Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўрганилиб, қуйидагиларни маълум қилади.

Жорий йил 29 февраль куни соат 22:31 да Андижон шаҳридаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалининг Травматология бўлими қабулхонасига 2001 йилда туғилган М.Ф. исмли аёл бемор юз-кўзидан жароҳат олиб мурожаат қилган. Бемор шифокорлар кўригидан ўтаётганда турмуш ўртоғи томонидан калтакланганини айтган.

Ўрнатилган тартибга кўра, ўзгалар томонидан жароҳат олган ҳолат мавжуд бўлса, тиббиёт ходими ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тезкор хабар бериши шарт. Акс ҳолда жиноятни яширганлик ҳолати билан жавобгарликка тортилиши мумкин. Шунга мувофиқ, шифокор Т.У. зудлик билан мазкур ҳолат юзасидан ички ишлар бўлимига хабар беради.

Хабар берилганлигидан норози бўлган бемор аёлнинг эгизак укаси Ҳ. исмли шахс эътироз билдиради. Шифокор унга ўртанилган тартибни тушунтиргандан сўнг беморнинг укаси шифокорни уятли сўзлар билан ҳақорат қила бошлайди. Шифокор унга сўкинмаслигини айтади. Улар орасида тортишув Ҳ.нинг пичоқ орқали шифокорга тажовуз таҳдиди билан давом этади. Атрофдаги бир нечта одамлар Ҳ.ни агрессив ҳолатдан қайтаришга уринишади. Аммо у ҳаракатларини давом эттириб, пичоқни шифокор томонга отади. Бироқ ушбу пичоқ атрофдаги бошқа шахсга тегади. Бемор яқинлари ва атрофдаги бошқа шахслар томонидан Ҳ. мажбуран тинчлантирилиб, қабулхонадан олиб чиқиб кетилади.

Эри томонидан калтакланган аёл М.Ф. эса “Бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, жағ суяклари синиши, ёноқ, бош, юз, қорин, оёқ ва қўллар юмшоқ тўқималари жароҳати” ташхиси билан мазкур филиалнинг нейрохирургия бўлимида жорий йил 4 март кунига қадар даво муолажаларини олади.

Юқоридаги видеохабарда гувоҳи бўлганингиздек, ёш йигит агрессив ҳаракатлар қилиб, шифокорга пичоқ ўқталган, жароҳат етказишга уринган, ҳаттоки, пичоқни отиб юборган. Ушбу ҳолатда фуқаро нафақат тиббиёт ходимлари, балки атрофдаги инсонларга ҳам зарар етказиши мумкинлигини ўйламагани ачинарли. Нима бўлганда ҳам шифокорларга тажовуз қилишга уринган фуқаро хатти-ҳаракатларига нисбатан ҳуқуқий баҳо берилиб, қонуний чоралар кўрилиши лозим.

Ушбу вазият юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан жиноят иши очилиб, ўрнатилган тартибди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.