Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Шпаргалкадан фойдаланган 8 нафар ёшлар тестдан четлатилди

Аввал хабар қилганимиздек, бугун Самарқанд давлат университети академик лицейи ва вилоят олимпия захиралари тайёрлаш марказида Ички ишлар вазирлиги Самарқанд академик лицейи ва “Темурбеклар мактаби”га ўқишга кириш  учун тест синовлари бўлиб ўтди.

– Бу йил 2 мингга яқин йигит-қизлар Ички ишлар вазирлиги Самарқанд академик лицейида таҳсил олиш истагини билдирди, – дейди муассаса раҳбари, подполковник Актам Усмонов. – Улар психологик тест ва диктант топширди. Жисмоний тайёргарлиги синовдан ўтказилиб, билим ва дунёқарашига суҳбат орқали баҳо берилди. Ушбу синовлардан муваффақиятли ўтган ўқувчиларнинг 743 нафари тестда иштирок этди. Тест синовларида юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар лицейда ўқиш имкониятига эга бўлади.

Самарқанд “Темурбеклар мактаби” масъуллари маълумотига кўра, мазкур муассасада ўқиш учун 731 нафар ўқувчи тест топшириши  режалаштирилган. Улар ҳам даставвал ҳудудий мудофаа ишлар бўлимлари ва вилоят бошқармаси томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрик асосида танлаб олинган. Шунингдек, ёшлардан психологик тест, диктант олинган ва уларнинг жисмоний тайёргарлиги синовдан ўтказилиб, тестда иштирок этиш учун рухсат берилган.

Дарвоқе, “Темурбеклар мактаби”да ўқиш учун синовдан ўтган ёшларнинг 150 нафари (126 нафари ўзбек, 24 нафари рус гуруҳида) ўқишга қабул қилинади.

Шу куни тест синовларида абитуриентнинг ўрнига киришга уринган 70 га яқин “толкач”лар ички ишлар ходимлари томонидан тўхтатиб қолинди. Шунингдек, 3 нафар йигит-қиз тест синовларида иштирок этишдан бош тортди ва 8 нафари шпаргалкадан фойдалангани учун имтиҳондан четлатилди.

Бобохон ПЎЛАТОВ.