Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Шуҳрат Сирожиддинов, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори: Букрини гўр тузатади

Минг афсуски, бугунги кунда она тили тақдири учун қайғуриш туйғуси миллатимизнинг ҳар бир фарзандида қалб амри даражасига кўтарилган, дея олмаймиз. Акс ҳолда, «Вести.уз» сайтида олим, журналист, ҳуқуқшунос, санъаткор, бастакор ва ҳоказодан иборат бир гуруҳ «ўзбек зиёлилари» Ўзбекистонда рус тилига расмий тил мақомини бериш таклифини илгари сурмаган бўлар эди.

Мурожаат ниҳоятда пухта ўйланган режа асосида тайёрланганлиги кўриниб турибди. Бизнинг «оғриқли» нуқталаримизга урғу бериш орқали ночор қилиб кўрсатишдан тап тортмаслик ҳануз орамизда ўзини «фидойи ватанпарвар» кўрсатган миллий ғоямиз душманлари кўплигини кўрсатади. Мен бу ўринда уларнинг ҳар бир мулоҳазаси кетида нима анқиб турганини яхши тасаввур қилиб турибман. «Ақлли таҳлиллар»дан кўзланган мақсад мени даҳшатга солмоқда. Қўйнимиздаги илонлар чақишга хезланди. Бунга асло йўл қўйиш мумкин эмас! Конституция ва қонунлар орқали ҳуқуқий мустаҳкамлаб қўйилган она тилимизни ҳимоя қилиш ўрнига бизнинг рус халқи ва унинг тилига бўлган чуқур ҳурматимиздан фойдаланиб ўзларининг хуфия мақсадларини амалга оширишга киришганлигидан уларнинг миллати ўзбек эканлигига шубҳа қилиб қолдим. Бу жирканч мақсад остида жамиятни пароканда қилиш, юртимизда тинч-тотув яшаб келаётган миллат ва элатлар ўртасига нифоқ солиш, онги тўлиқ шаклланмаган ёшларни хаёлини бузиш режалари йўқ дейсизми? Рус тилини иккинчи расмий тил сифатида киритиш таклифи бир баҳона, холос! Буларга кўрсатилган шунча эҳтиром, эъзоз – ҳайф! Букрини гўр тузатади, деганлари шу бўлса керак.