Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сиёбда дарз кетаётган кўприк ҳаётимиз учун хавфли эмасми?

Сизда бу кўприк қаерда экан, деган савол пайдо бўлиши табиий. У узоқда эмас, шаҳримизнинг гавжум масканларидан бири — "Сиёб деҳқон бозори" МЧЖ яқинида жойлашган. Англагандирсиз, гап ўтган асрнинг етмишинчи йилларида ҳозирги Имом Бухорий кўчасининг охири, Шоҳи Зинда кўчаси устидан қурилган автоулов ва пиёдалар кўприги ҳақида кетмоқда, деб ёзмоқда “Самарқанд газетаси”.

Бу кўприк Самарқанд ва унинг меҳмонларига салкам ярим асрдан буён хизмат қилиб келмоқда. Ўтган давр ичида бу муҳим иншоот қачон, қай ҳолатда таъмирланганлигини фақатгина мутахассислар қоғоз титкилаб, айтиб беришлари мумкин. Аммо уларнинг жавобини кутмасдан кўприкнинг бугунги ҳолати билан танишганимизда узунлиги салкам 60-70 метр, эни 15-16 метр келадиган кўприкнинг бир неча жойида ёриқлар пайдо бўлганлигини кузатдик. Айрим ёриқларнинг эни салкам бир қарич, бўйи бир-икки метрга боради. Ёриқлардан бемалол кўприкнинг пастини кўриш мумкин. Айрим ёриқлар кимларнингдир ташаббуси билан тош ва бошқа чиқиндилар билан тўлдирилиб кўприк "равонлаштирилган". Кўприкнинг бу ҳолати кеча ёки бугун кузатилаётгани йўқ. Айрим ёриқлар бундан аввал асфальт билан қопланган бўлса-да, автоуловлар ҳаракатининг тиғизлиги оқибатида чўкиб қайта ёрила бошлаган.

Кўприкнинг охиридаги ҳозирги ҳолат айниқса хавфли. Негаки, кўприк асосини ташкил этувчи темир-бетон тўсинларининг бир учи жойлашган бетон "ёстиқлар" бир томонга билинар-билинмас эгилиб унда хатарли ёриқлар пайдо бўлган. Мутахассисларнинг эътиборидан четда қолаётган яна бир муаммолардан бири кўприк устидан оқиб тушаётган ёмғир ва қор сувларининг тўпланиб, унинг охирида пайдо бўлган ёриқ орқали пастга — "ёстиқлар" ёни ва устига қуйилаётганлигидир. Бу ҳол бир неча йилдан буён давом этиб келмоқда. Жорий йилги баҳорда ёғингарчиликнинг кўп бўлиши кўприкнинг техник ҳолатига ҳам жиддий таъсир ўтказди. "Ёстиқлар" ўртасида ёмғир сувлари ювиб кетган каттагина жарлик пайдо бўлган. Сел сувлари "ёстиқлар" асоси ҳисобланган тош ва шағалларни ювиб, пастда улкан уюм пайдо қилган.

Кўприкнинг техник ҳолатига айни кунларда ҳам салбий таъсир кўрсатаётган омиллардан бири "Сиёб деҳқон бозори" МЧЖдан, дўконлардан чиқаётган оқова сувлар баъзан чиқиндилар билан тўлиб қолган икки ёндаги ариқларга сиғмасдан кўприк усти бўйлаб унинг охирига томон оқади ва юқорида тилга олинган ёриқлар орқали пастга тушиб, жарликни кенгайтириб юбормоқда.

Одатда кўприк сингари мураккаб муҳандислик иншоотлари атрофида бошқа бинолар қуриш тақиқланади. Ушбу кўприк ёнлари у ёқда турсин, ҳатто тагидан ҳам фойдаланилмоқда. Айни пайтда кўприкнинг таги автоуловлар тураргоҳи, автобус ва такси бекатлари вазифасини ҳам қойиллатиб бажармоқда. Бу ҳол хавфсизлик талабларига қанчалик жавоб беради? Ушбу саволимизга мутасаддилардан тегишли жавоб олишни дилимизга тугиб, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбариятига шундай мурожаатимиз бор: мазкур кўприкнинг техник ҳолати ҳақида хулоса чиқариш фикридан йироқмиз. Аммо бу иншоот бугун хавфсизлик талабларига жавоб берадими?

Ҳаким ЖЎРАЕВ,

Қувондиқ ХАЛИЛОВ.