Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сиз билан фахрланамиз

Сизнинг гўзал Андижондан сайқали рўйи замин Самарқандга келиб, қишлоқ хўжалик институти ветеринария факультетида таълим олганингиз, Ўзбекистон ветеринария илмий-тадқиқот институтида фаолиятингизни бошлаб, фаннинг очилмаган қирраларига қўл уриб, билим ва хулосаларингизни Москвадаги академик К.И.Скрябин номидаги Бутуниттифоқ гельминтология институти аспирантурасида ўқиш билан мустаҳкамлаб, аввал фан номзоди, сўнгра фан доктори, профессор, академикликкача босиб ўтган йўлингиз илм аҳли учун ибрат мактабидир. Сизнинг ёрқин илмий салоҳиятингиз кейинчалик ЎзФА Зоология ва паразитология илмий тадқиқот институти, республика паррандачилик илмий-ишлаб чиқариш лабораторияси, Ўзбекистон Миллий университети, Ўсимлик ва ҳайвонот олами генофонди институтида, ҳозирги кунда Зоология институтида фаолият юритаётганингизда яққол намоён бўлмоқда.

Сизнинг академик сифатида яратган фундаментал кашфиётларингиз – уй ва ёввойи ҳайвонлар организмида ҳаёт кечирувчи паразит органларнинг морфологияси, биологияси, эволюцияси, филогенияси экологияси системаси дунё илм-фанида ўзига хос концепция бўлиб шуҳрат қозонди. Уларнинг ҳаётга татбиқ этилиши жаҳонда инсониятни ҳайвонлардан юқадиган жуда кўп касалликлардан сақлаш имконини берди. Жумладан, ХХ асрнинг 80-90-йилларида Оролбўйи минтақасида паразитар касалликлардан бильгарциоз ҳайвонлар орасида кенг тарқалиб, катта иқтисодий талафотларга олиб келди. Сизнинг бильгарциозга қарши мутлақо янги услуб ва воситаларингиз натижасида бу касалликка барҳам берилди. Бу нафақат Ўзбекистон, балки Туркманистон, Қозоғистон, Эрон, Ҳиндистон, Ироқ, Покистон каби мамлакатларда кенг қўлланилиб, бильгарциозга қарши энг самарали кураш воситаси эканлиги қайд этилди. Минглаб йирик ва майда шохли ҳайвонлар, отлар ва туялар нобуд бўлишдан сақлаб қолинди. Сизнинг ўз шогирдларингиз билан фанда эришган ютуқларингиз ҳақидаги маърузаларингиз халқаро анжуманларда дунё илм аҳли томонидан қизиқиш билан кутиб олиниб, юқори баҳоланмоқда. Германия, Англия, Исроил, АҚШ, Чехия, Венгрия, Канада, Франция, Япония, Россияда бўлиб ўтган илмий анжуманлар бунга мисолдир.
Муҳтарам Жалолиддин Азимов! Сизнинг шогирдлар тайёрлаш, дарсликлар, ўқув қўлланмалар яратиш борасидаги фаолиятингизга ҳам ҳавас қиламиз. Сизнинг қаламингизга мансуб қирқдан ортиқ монография, ўқув-услубий қўлланмалар, дарсликлардан нафақат Ўзбекистонда, балки кўплаб хорижий давлатлар олий ўқув юртларида ветеринар кадрлар тайёрлашда кенг фойдаланилмоқда.
Қадрли Жалолиддин Азимов! Сизнинг фанга қўшган улкан ҳиссангизга мамлакатимизнинг юксак мукофоти "Меҳнат шуҳрати" ордени, Исроил, Россия, Покистон ва бошқа давлатларнинг нуфузли медаллари, илмий унвонлари гувоҳлик бериб турибди.
Азиз устоз! Улуғ ёш муборак бўлсин! Жонажон Ўзбекистонимиз равнақи, илм-фани ривожи йўлида асло ҳорманг!

Эҳтиром билан
Бўри САЛИМОВ,
СамҚХИ профессори,
Зубайдулла ИЗЗАТУЛЛАЕВ,
Ҳусниддин  БОЙМУРОДОВ,
СамДУ профессорлари.