Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Соғлиғим учун ўзимдан ҳам кўпроқ қайғурганлар бор (Аудио)

Ёш бўлишимга қарамай, тақдирнинг кўп синовларини бошимдан кечирдим.

Уч ойлик чақалоқлигимда онамдан айрилганман, шунинг учун холамнинг қўлида катта бўлдим. Икки акам отам билан қолган.

Вақти келиб, турмуш қурдим, икки фарзандли бўлдим, аммо иккинчи фарзандимнинг соғлиги ёмонлашиб, вафот этди. Она учун фарзандини тупроққа қўйишдан оғири бўлмаса керак. Бу ғамдан шунчалик куйдимки, назаримда, бу соғлигимга ҳам таъсир қилди.

Орадан йиллар ўтиб, кўкрак саратонига чалинганимни билиб қолдим. Бу орада ҳомиладор бўлдим, фарзандим туғилди. Аммо хасталигимни даволаш учун етарли маблағим бўлмагани туфайли аҳволим кундан-кун оғирлашди. Чақалоғимни тиббий кўрикка олиб борганимда, шифокорлар аҳволим ёмонлигини айтишди. Пахтачи туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи вилоятдан дўхтирлар келаётганини айтиб, кўрикдан ўтишга ундади.

Вилоят онкология шифохонасидан келган шифокор бепул даволанишим учун имкон борлигини айтди. Йўл харажатларини туман тиббиёт бирлашмаси кўтарди. Ҳатто, ойлик чақалоғимни қариндошимга эмас, патронаж ҳамширага қолдирдим. У боламни даволаниб келгунимга қадар ўз фарзандига қарагандай парваришлади. Вилоятдаги онкология шифохонасида бош шифокорнинг ўзи аҳволимни назорат қилиб турди. Ҳозирда соғлиғим яхши. Менинг саломатлигим учун ўзимдан ҳам кўпроқ қайғурган раҳбарларимизга, шифокорларга мингдан минг раҳмат айтаман.

Борингизга шукур, яхшилар!

Лайло ЮСУПОВА,

Пахтачи тумани, Жала маҳалласи.