Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Солижон Шарипов: Самарқандни зиёрат қилишга интиламан

Юртимизда меҳмон бўлиб турган Россия қаҳрамон космонавтлари орасида асли қирғизистонлик Солижон Шарипов ҳам бор.

С.Шарипов 1964 йилда Қирғизистоннинг Ўш вилояти Ўзган шаҳрида ўзбек оиласида туғилган. Айни пайтда Россия фуқароси. 1998 ҳамда 2004 йилларда фазога парвоз қилган.

Солижон Шарипов Россия ва Қирғизистон Қаҳрамони. Ўзбекистон Республикасининг “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.

– Ҳар гал Ўзбекистонга келганимда Самарқандни зиёрат қилишга интиламан ва ҳар сафар янги таассуротлар билан қайтаман, – дейди Солижон Шарипов. – Бугун ҳам Самарқандга келиб, шаҳарнинг янада гўзаллашгани, обод бўлганини кўрдим. Айниқса, сайёҳларнинг кўплиги бу тарихий масканнинг йирик туризм марказига айланиб бораётганидан далолат беради. Аслида ҳам Самарқанд дунё цивилизациясининг бешикларидан бири сифатида инсоният тараққиётида муҳим ўрин тутади. Бу ерда биргина астрономия соҳасида Мирзо Улуғбек бошчилигида амалга оширилган ишларни ҳалигача дунё олимлари эътироф этади. Мен Самарқандда кўп бўлганман. Лекин бугун келган россиялик космонавтларнинг кўпчилиги бу шаҳарда биринчи марта бўлди. Шунинг учун ҳам уларнинг ҳайрати ва таассуроти жуда юқори.