Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

"Сўлим эътибордан четда эмас"ми?

Жорий йилнинг 13 декабрида газетамизда Самарқанд шаҳридаги Сўлим шаҳарчасидаги муаммолар танқид қилинганди. Жумладан, ҳудудда аҳолининг бир неча йилдан буён табиий газсиз қолаётгани, йўлларнинг хароб аҳволи, электр таъминотидаги узилишлар ва бошқа муаммолар тилга олинган.

 Маҳалладаги муаммолар ҳақида яна бир қатор оммавий ахборот воситалари бонг урди. Аммо ҳозиргача Самарқанд шаҳар ҳокимлигидан мақола бўйича акс-садо бўлмагач, "Сўлимда нима ўзгарди?" деган савол билан шу ҳудудда яшовчи фуқароларга мурожаат қилдик.

– Афсуски, ҳозирча ҳеч нарса ўзгарган эмас, – дейди Сўлим шаҳарчасидаги Чилқудуқ маҳалласида яшовчи Шароф Маърупов. – Бизнинг муаммолар ҳақида охирги бир ойда "Зарафшон"дан ташқари "Самаркандский вестник", "Самарқанд", "Маҳалла" газеталарида ҳам ёритилди, телевидениеда кўрсатув қилинди. Тўғри, ҳокимлик ходимлари келиб кетишди, аммо биз ўзгариш кўрмаяпмиз.

Аҳолининг фикрларини эшитиб, шаҳар ҳокимлиги билан боғландик.

– Сўлимдаги муаммолар ҳеч кимга сир эмас, – дейди ҳокимлик масъул ходими Ф.Нажмиддинов. – Шаҳарчадаги мавжуд ҳолатлар ҳаммамизга таниш бўлса-да, оммавий ахборот воситаларида чиқиш бўлгач, ҳудудда бўлиб, мавжуд муаммоларни яна бир бор ўрганиб чиқдик. Бажаришимиз керак бўлган ишларни яна бир бор белгилаб олдик. Тез орада ҳудудда улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. Сўлимдаги учта маҳалла ҳам 2019 йил "Обод қишлоқ" дастурига киритилган. У ерда мақолада тилга олинган асосий кўча билан бирга барча ички йўллар ҳам тўлиқ таъмирланади. Айни вақтда табиий газ ва электр таъминотидаги муаммолар тармоқларнинг эскириб кетгани билан боғлиқ бўлиб, дастур доирасида табиий газ тармоқлари таъмирланиб, таъминот тикланади. Мавжуд трансформаторларнинг тўрталаси ҳам янгиланади, электр тармоқлари замонавийсига алмаштирилади. Шунингдек, ҳудуддаги умумий ўрта таълим мактаби, болалар боғчаси ва эски маданият уйи мукаммал таъмирдан чиқарилади. Бир вақтлар ишлаган аммо бугун талабга жавоб бермай қўйгани сабабли фаолияти тўхтаб қолган оилавий поликлиника биноси ҳам қайта тикланиб, муассаса яна иш бошлайди. Умуман, шаҳарчада бирор-бир муаммо қолмайди. Чунки уларнинг барчаси эътиборда.

Ҳокимлик масъул ходими айтган ишларнинг бажарилиши яхши, албатта. Аммо дастур асосидаги бунёдкорлик, ободончилик ишлари бошлангунча аҳоли хонадонини қандай иситсин? Уларга кўмир ёки суюлтирилган газ етказиб берилмайдими? Хуллас, ҳозирча сўлимликларга фақат ваъда бериляпти…