Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Солиқ идораларига билдирилаётган мурожаатларнинг аксарияти электрон шаклда қабул қилинмоқда

Самарқанд вилояти давлат солиқ хизмати органларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунинг самарасида солиқ тўловчилар дуч келаётган муаммоларга ечим топилиб, мавжуд камчиликлар бартараф этилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида жисмоний шахслардан жами 1817 та мурожаат келиб тушди. Мурожаатларнинг 1146 тасига тушунтириш берилган бўлса, 189 таси ижобий ҳал қилинди. Шу пайтга қадар юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар 1615 тани ташкил этмоқда. Шундан 1335 тасига тушунтириш берилган бўлса, 105 та мурожаат ижобий ҳал қилинди. Солиқ соҳаси бўйича келиб тушаётган мурожаатларга малакали ходимлар томонидан атрофлича тушунтиришлар, ҳуқуқий маслаҳатлар берилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг катта қисми электрон шаклда келиб тушмоқда. Бу эса мурожаатларни йўллашнинг интерфаол усуллари янада такомиллаштирилаётганидан далолат беради.

Мухтасар айтганда, ҳар бир мурожаат эътиборда. Зеро, унинг ортида солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари турибди.

Акмал ҚАЮМОВ,

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ходими.