Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Солиқлар иқтисодиёт таянчи

Қарорда режага нисбатан солиқнинг ортиқча бажарилган даромадлар қисмини маҳаллий бюджетда қолдириш ва бу маблағни ҳудуднинг бирламчи зарурий харажатлари учун ишлатиш мумкинлиги белгиланган. Демак, солиқ тушумларини кўпайтириш борасида ишга солинмаган имкониятларни топиб, амалда қўллай олсак, маҳаллий бюджет тушумларини бир мунча ошириш мумкин бўлади. 
Вилоятимиз салоҳиятидан келиб чиқиб, бошқармамиз вилоят молия бош бошқармаси билан биргаликда жорий йил учун бир неча йўналишларда маҳаллий бюджетга қўшимча маблағлар захираси ва уларни ундириш механизмларини белгилаб олди. Ушбу қўшимча захираларни ундириш учун бир нечта аниқ йўналишлар ҳар бир туман ва шаҳар кесимида тақсимлаб чиқилди.      Жумладан, жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғи бўйича давлат солиқ хизмати органлари ва "Ергеодезкадастр" ҳудудий бўлинмалари маълумотлар базасини таққослаш, мол-мулкни қайта баҳолаш ҳамда ер майдонлари ва мол-мулк объектларини хатловдан ўтказиш ҳисобига қўшимча маблағ тушириш имкони бор. Аниқланган қўшимча ер майдонларини давлат солиқ хизмати органлари базасига киритиш орқали маҳаллий тушумлар сезиларли ошади. Намунавий лойиҳалар асосида қурилган уй-жойлар эгаларини солиқ органларида ҳисобга қўйиш, томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланмаётган жисмоний шахслардан ер солиғини ундириш ҳисобига бюджетга қўшимча маблағ тушириш мумкин. Бунда дастлаб, томорқасини қаровсиз қолдирганлар огоҳлантирилади. Агар фуқаро огоҳлантиришдан сўнг ҳам тегишли хулоса чиқармаса, солиқни 3 баробар кўп тўлайди. 

Тегишлича давлат рўйхатидан ўтмасдан ва ижара шартномаси тузмасдан ноқонуний фаолият кўрсатаётган савдо, умумий овқатланиш ва бошқа хизмат кўрсатиш объектларининг қонуний фаолиятини таъминлаш эвазига қўшимча даромадга эришилади. Бозорлар ва савдо комплексларига туташ ҳудудда жойлашган автомобилларни вақтинча сақлаш жойларини бозорлар тасарруфига ўтказиш орқали автотураргоҳлардан қатъий белгиланган солиқ ва бир марталик патта йиғимларидан ҳам қўшимча даромад олиш мумкин. 

Ўриндошлик асосида ишлаётган ва бир неча манбалардан даромад топаётган, транспорт воситалари ва биноларни ижарага бериш ҳисобига даромад олаётган жисмоний шахслардан декларация асосида қўшимча солиқ ундириш мумкин. Автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида сотилган сиқилган газ, бензин, дизель ёқилғиси ҳажмларидан келиб чиқиб, бюджетга истеъмол солиғини тўлиқ ундириш ҳам солиқларни кўпайтиради. Табиий ресурслар – қум, шағал, гипс, оҳак ва бошқа ер қаъри топилмаларидан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятини камерал назоратдан ўтказиш ва мониторинг олиб бориш, фермер хўжаликларининг ер майдонлари ва уларнинг меъёрий қийматидан келиб чиққан ҳолда, бюджетга қўшимча манба жалб қилиш мумкин.

Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришга мувофиқ хўжалик юритувчи субъектларда ҳисоботларни ва ишчи-ходимларни мониторинг қилиш орқали ишсизлар сони ва тадбиркорлар фаолияти реал баҳоланади. Ягона солиқ тўловчи микрофирма ва кичик корхоналарнинг эгаллаган ер майдонларини қайта ўрганиш, бўш турган биноларни хатловдан ўтказиш ҳам янги имконият яратади. Шу билан бирга, мол-мулк ва ер солиғидан мавжуд қарздорликни бартараф этиш, суд қарорига кўра, солиқ қарздорлигини ундириш бўйича мажбурий ижро бюросига юборилган, мусодара қилинган мол-мулк ва товарларни реализация қилиш ҳисобига ҳам вилоят тараққиёти учун каттагина сумма тўпланади. Йўл ҳаракати хавфсизлиги идоралари билан ҳамкорликда аҳолига кўрсатиладиган пуллик хизматлар ва жойлардаги юк ташиш хизматлари фаолиятини қонуний асосда ташкил этиш орқали тадбиркорлик субъектлари сонини кўпайтиришга эришилади.

 Мазкур ҳаракатлар натижасида қўшимча солиқ мажбуриятлари тўлиқ бажарилса, аввало, вилоятимиздаги кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни уй-жой билан таъминлаш учун бошланғич бадал тўлаб берилади. Ҳар бир туманда намунавий маҳалла гузари ташкил қилинади. Шунингдек, аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш, ирригация тармоғи, таълим муассасалари, иншоотлари қуриш имкониятлари ошади. 
Юртимизда аҳолининг фаровон яшаши, тадбиркорларнинг эркин фаолият юритишлари учун зарур чоралар кўрилмоқда. Бунга солиқ тўловчилар ҳам муносиб жавоб қайтарса, мамлакатимиз тараққиёти янада тезлашиши шубҳасиз.

Зафар НОРҚЎЗИЕВ,
вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи.