Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Сополнай – қадим чорлов чолғу асбоби

Чанқовуз ҳақида эшитгансиз. Унинг оҳангига нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам маҳлиё бўлганлар талай. Яна бир мусиқа асбоби борки, у ҳам чанқовуздек майин садоларга эга. Бу - сополнай.

Паст Дарғом туманидаги 2-сон Чархин маданият ва аҳоли дам олиш марказининг фольклор тўгарагида унутилаёзган ана шу чолғу асбоби ҳаваскорларга ўргатилар экан.

- Қадимдан ота-боболаримиз қир-адирларда чўпонлик қилганда, албатта ўзи билан сополнайни олиб юрган, - дейди фольклор тўгараги раҳбари Жаҳонгир Норбеков. – Сополнай лойдан ишланган беш-тўртта тешикдан иборат ҳуштакдир. Уни боболаримиз чорлов сифатида ҳам ишлатишган. Масалан, тўй-маросимларида, кўпкариларда, халқ йиғинларида аҳолини бир жойга тўплаш учун сополнайни чалишган. Тўгарагимизга 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган 16 нафар ҳаваскорлар аъзо. Улар билан ҳар ҳафтада уч кун машғулот олиб борамиз. Сополнай ташқари дўмбира ва  чанқовуз каби миллий чолғу асбобларини чалиш сирларини ўргатаман.

Аслида ҳам шундай. Маданият ва аҳоли дам олиш маркази миллий маданиятимизни халқ орасида кенг тарғиб этиш, анъана ва қадриятларимизни қайта тиклаш борасида тадбирларни ўтказиш, ёшларни турли тўгаракларга жалб этиш мақсадида ташкил этилган.

- 2018 йилнинг 28 ноябрида Президентимиз томонидан қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорида маданият марказлари учун аҳолига маданий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, уларнинг маданий эҳтиёжларини қондириш ва бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, халқ ижодиёти ва бадиий ҳаваскорлик санъатини сақлаб қолиш ва ривожлантириш, болаларни турли тўгаракларга жалб этиш каби қатор вазифалар белгиланди, - дейди марказ раҳбари Облоқул Умаров. - 2015 йилда фойдаланишга топширилган марказимиз қошида доира, тасвирий санъат, драма, ашула ва рақс каби бадиий, ўзбек жанг санъати, дзю-до сингари спорт тўгараклари фаолият юритади. Шунингдек, жамоатчилик асосида ақл гимнастикаси бўлган шахмат-шашка тўгарагимиз ҳам ишлайди. Жорий йилда хорижий тилларни ёшларга ўргатиш учун пуллик гуруҳлар ташкил этишни, фольклор тўгараги фаолияти доирасини кенгайтирган ҳолда, миллий анъана ва урф-одатларимизни кенг тарғиб қилиш учун, қатор саҳна кўринишлари-ю тадбирлар ўтказишни режалаштирганмиз. Биласиз, авваллари қизларимиз ўз қўллари билан кашта тикиб, келинлик сепларини бойитишган. Мато парчаларида қизларимизнинг муҳаббати, қалб ҳарорати ўз аксини топган. Бугунги кунда мана шу анъаналаримиз йўқолиб кетаяпти. Уни қайта тиклаш учун каштачилик, миллий қуроқчилик тўгараклари фаолиятини ҳам йўлга қўямиз.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.