Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сохта домла топиб, пулини олмоқчи бўлган фирибгарларнинг найранги фош бўлди

Карим қирқдан ошган, муқаддам судланган. Аммо, у тузалмади, бирор бир фойдали меҳнат билан шуғулланмасдан одамларни алдаб, ноқонуний йўллар билан пул топишни режалаштирди, деб ёзмоқда “Адолат сари” газетаси.

Бир куни у Одил исмли киши билан танишиб қолди. Орадан уч-тўрт ой ўтди. Бу вақт улар ўзаро суҳбатлашиб, анча яқинлашиб қолганди. Шундай суҳбатларнинг бирида Одил жияни тиббиёт институтининг педиатрия факультетига ҳужжат топширгани ҳақида гап очди.

- Мединститутда мени танишим бор. Декан бўлиб ишлайди. Хоҳласангиз жиянингизни ўқишга киришида ёрдам қилади. Мен гаплашиб бераман, - деди.

- Майли, бир уриниб кўрайликчи, - деди Одил.

- Сиз 17-20 минг доллар тайёрлаб тураверинг. Қолганини домланинг ўзи билан гаплашасиз, - деди.

Карим аслида тиббиёт институтида умуман бўлмаган таниши ҳақида Одилни ишонтирди. Энди қандай қилиб бўлмасин домла топиш керак. Олийгоҳларга кириш имтиҳонларига оз муддат қолди. У ўйлаб-ўйлаб қариндоши Бобомуродга ёрилди. Бобомурод: “қўйинг ака, бировнинг насибаси сизга юқмайди. Қачондир бир жойимиздан тешиб чиқиши тайин”, демади. Аксинча, амакисининг жиноий режасини маъқуллади. Бобомурод ҳам муқаддам суднинг қора курсисига ўтирганлардан. Бош қўшаётган иши яна шу курси томон элтиши мумкинлигини билсада воз кечмади. Режанинг амалга ошишини астойдил истаб, натижада мўмай даромадли бўлиб қолишни ўйлади. Икковлон бу ишни эплолмаслигини билиб, маҳалладоши Баҳриддинни ҳам режага киритди.

Баҳриддиннинг бу кимсалардан фарқли томони муқаддам жиноий жавобгарликка тортилмаган, айни пайтда вилоят ҳокимлигида муқаддам судланганларни ижтимоий муҳитга мослаштириш Маркази бош мутахассиси эди. Лекин, тер тўкмасдан мўмай даромад эгаси бўлиш кимга ёқмайди дейсиз. Нафс ҳаммада бор. Уни бошқариш эса ўз қўлимизда. Баҳриддин ҳам пул ҳақида эшитгач, рад этмади.

Йигитлар маҳалладоши Фозил акани қалбаки “домла” қилишга қарор қилди.

Орадан икки-уч кун ўтиб, Одил билан Карим учрашишди.

- Иститутда ишлайдиган Мирза домлага айтдим, жиянингизга ёрдам қиладиган бўлди. Хизмат ҳақи 14.000 АҚШ доллари бўлади деяпти, - деди.

- Майли хизмат ҳақини бераман, лекин аввал ўша домла билан учраштиринг мени. Юзма-юз гаплашайлик, - деди Одил.

Бировнинг чўнтагидаги моддийликни ўзиники қилишга “бел боғлаган” Карим тез орада домла билан кўриштиришини айтди.

Буёғи қизиқ бўлди. Бобомурод Фозил аканикига борди. “Анчадан бери уйда ўтирибсиз. Юринг сизни бир шаҳарга айлантириб келаман. Карим ака ҳақ беряпти”, деб қўймай кийинтириб олиб чиқди. Шаҳарда улар бир кафега тўпланишди. Карим Одилга қўнғироқ қилиб, домла билан кўришадиган манзилни айтди.

- Ҳозир бир киши келади. Унга сизни домла деб таништираман. Вақтинчалик тиббиёт институти декани ролини ижро этиб беринг. Хафа қилмаймиз, - деди Карим.

Фозил “йўқ, мени бундай ишларга аралаштирманглар”, демади. Каримнинг айтганларига рози бўлди. Исми “Мирза” эканлигини ва Одилга айтиши керак бўлган гапларни “қулоғига қуйиб олди”.        

Кўп ўтмай Одил кириб келди. Карим уларни таништириб қўйди.

- Айтилган пулни тезроқ олиб келиш керак. Бўлмаса кеч бўлади, кейин югурган билан фойдасиз, - деди “Мирза домла”.

Фозилнинг телефони бўлмагани учун Баҳриддиннинг телефон рақамини “Мирза домла”ники деб Одилга берганди. Кейинги кун Одил қўнғироқ қилганда Фозил ака гаплашди. Кейингисида Фозил маст бўлиб қолгани учун Баҳриддин “домла” ролини ўйнаб, Карим ўргатган гапларни такрорлади. Одам боласи манфаат кўриш учун нималар қилмайди, дейсиз. Бу кимсалар ҳеч қачон домла бўлиб кўрмагандир, аммо домла ролини қойил қилди.

Одил ҳам 14.000 долларни осонгина бериб қўядиган анойилардан эмасди. У барча телефондаги сўзлашувларни ёзиб олганди. Шуларни олиб тегишли идорага борди. Орган ходимлари тезкор тадбир уюштиришди. Карим шаҳардаги Тоҳирий ресторани олдида Одилдан 14.000 АҚШ долларини олган пайтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Суд ҳукми билан Карим энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари, яъни 18.430.000 сўм жарима жазоси ҳамда 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Фозил эса 9.215.000 сўм жаримага тортилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Бобомурод ва Баҳриддинга 12.901.000 сўмдан жарима ҳамда  5 йил 6 ой  муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди.   

Зафар ҲАМДАМОВ,

вилоят прокуратураси уюшган жиноятчилик ва

коррупцияга қарши курашиш бўлими АМИБ терговчиси.