Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сохта ишлардан қачон халос бўламиз?

Каттақўрғон туман Адлия бўлими фуқаро Д.Ҳусаинова (исм ва фамилияси ўзгартирилган) манфаатида туғилганлик ҳолатини белгилаш бўйича судга мурожаат билан чиққан эди, деб ёзмоқда “Каттақўрғон ҳақиқати”.

Ушбу мурожаат бўйича Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро суди ишни кўриб чиқди. Аниқланишича, аёл 1993 йилда уй шароитида қиз фарзанд кўрган, ҳозирда қизи 25 ёшда бўлиб, шу кунга қадар туғилганлик ҳақида гувоҳнома олмаган. У етишмовчилик сабабли вақтида фарзандига туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ололмаган. Ҳозирги пайтда қизи мактабни ва коллежни ҳам тугатган. Фарзандига туғилганлик ҳақида гувоҳнома олишлиги зарурлиги сабабли у Каттақўрғон туман ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилган, бўлим мутасаддилари унга фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилишлигини тушунтирган. Шу сабабли Д.Ҳусаинова 1993 йил 7 март куни туғилган қизининг туғилганлигини белгилашни сўраган.

Даъво аризасига илова тариқасида Каттақўрғон тумани Зарафшон ҚВП мудираси Р.Нурмонова ва Каттақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси номидан А.Гаппаров ва Каттакўрпа МФЙ раиси ва гувоҳлар томонидан тузилган далолатнома ҳамда тиббий маълумотнома тақдим этилган.

Иш аризачининг фарзанди ўқиган Каттақўрғон тумани 53-сонли мактабда сайёр суд мажлисида кўрилди. Д.Ҳусаинованинг фарзанди Н.Ҳусаиновага Каттақўрғон туман халқ таълими бўлимига қарашли 53-сонли мактабдан умумий ўрта таълим шаҳодатномаси берилганлиги аниқланди. Ушбу шаҳодатномада боланинг туғилган куни 10.03.1993 йил эканлиги ва туғилган жойи эса Туркманистон Республикаси, Асфанский вилоят, Чоржуй шаҳри эканлиги қайд этилган.

07.02.2019 йилда мактаб маъмурияти томонидан тузилган далолатномада собиқ ўқувчи Н.Ҳусаиновага шаҳодатнома берилганлигини, унинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси бор бўлиб, Туркманистон Республикасида туғилганлик ҳақидаги маълумотларни Зарафшон аҳоли массивидаги  касб-ҳунар коллежига топширилганлиги маълум қилинган.

Мазкур ҳолатлардан сўнг Каттақўрғон тумани Зарафшон ҚВП мудири ва туман тиббиёт бирлашмаси мутахассислари ўз кўрсатмаларини ўзгартириб, туман тиббиёт бирлашмаси томонидан тузилган далолатнома ва тиббий маълумотномаларни ушбу фуқарони уй шароитида 1993 йил 7 мартда туғилганлиги қайд этилган маълумотномалар тегишли гувоҳларнинг кўрсатмаларига асосан асоссиз тўлдирилганлигини, қилган ишидан пушаймонлигини ва ушбу маълумотларни суд томонидан ҳужжат сифатида қабул қилмасликни сўраган.

Суднинг ҳал қилув қарори билан Каттақўрғон туман Адлия бўлимининг фуқаро Д.Ҳусаинова манфаатида уй шароитида туғилган фактини белгилаш ҳақидаги даъво аризаси ўз исботини топмаганлиги ва фуқаронинг мурожаатлари асоссиз эканлиги сабабли даъво аризасини қаноатлантириш рад этилган.

Шунингдек, Зарафшон ҚВП мудири, туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда Каттакўрпа МФЙ раисининг хатти-ҳаракатларига тегишлича баҳо бериб, ноқонуний тузилган далолатнома ва тиббий маълумотномаларга Д.Ҳусаинованинг манфаатларни кўзлаб хусусий ажрим чиқарилган.

Маҳалла раиси, Зарафшон ҚВП мудираси, Марказий шифохона статист методисти, далолатнома, тиббий маълумотномаларга сохта маълумотлар киритганликлари ҳолатида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 209-моддасида назарда тутилган жиноят аломатлари ҳамда фуқаро Д.Ҳусаинованинг хатти-ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 237-моддасида назарда тутилган жиноят аломатлари бордек кўринсада, бироқ улар ўзаро жиноий тил бириктирмаганлигини, ғаразгўйлик ва бошқа манфаатларни кўзламаганликларини, бир-биридан моддий ва маънавий манфаатдорлик бўлмаганлиги сабабли жиноят иши қўзғатиш рад этилди.

Камол НАМАЗОВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро суди раиси.