Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Спорт хабарлари

Вилоятда спорт турлари оммалашади

Президентимизнинг шу йил 24 январдаги “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимининг қарори қабул қилинди.

Унга кўра, вилоятда жисмоний тарбия ва спортни 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини 2020 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл ҳаритаси” ишлаб чиқилди. Энди йил давомида иккинчи ташаббус доирасида “Ёшлар ҳафталиги”, “Маҳалла ва нуронийлар ҳафталиги”, “Таълим муассасалари ҳафталиги”, “Хотин-қизлар ҳафталиги” муносабати билан спорт тадбирлари ўтказилиб борилади.

Шу ойдан бошлаб Наврўз умумхалқ байрами арафасида миллий кураш, улоқ-кўпкари, чиллак, минди, ланка, бештош, варрак учириш каби мусобақалар ўтказилади. Март ойидан “Ҳоким кубоги”, “Раҳбар кубоги”, “Дўстлик спартакиадаси” мусобақалари ташкил этилади. Шунингдек, октябрь ойида “Save Aral” халқаро экомарафон бўлиб ўтади.

Хотин-қизлар спорти

Жорий йилнинг январь ойи давомида вилоятимизнинг барча ҳудудларида фаол бўлмаган хотин-қизлар ўртасида спорт мусобақалари ташкил этилди.

Жумладан, улар жойлардаги спорт иншоотларида баскетбол, волейбол, гандбол, велоспорт, стол тенниси, бадминтон, сузиш, бадиий ва спорт гимнастикаси, акробатика, гимнастрада, шахмат ва шашка турлари бўйича мусобақаларга ҳамда соғломлаштириш гимнастикасига жалб этилди. Бу каби спорт мусобақалари йил охиригача давом этади.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.

Фахрийлар дона сурди

Самарқанд шаҳрида шахмат ва шашка бўйича 60, 70, 80 ва 90 ёшли фахрийлар ўртасида мусобақа ташкил этилди.

“Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими, вилоят спорт фахрийлари кенгаши, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ҳамда Самарқанд шаҳар “Шатранж” шахмат мактаби ҳамкорлигида ташкил этилган шахмат беллашуви рапид тизимида, олимпия усулида ўтказилди.

Баҳсларнинг якуний натижалирига кўра, шахматда 1-ўрин Саидвали Раҳмонов, 2-ўрин Муҳиддин Набираев ва 3-ўрин Солежон Муҳитдиновга насиб этди. Шашка беллашувида 1-ўринни Светлана Худойқулова, 2-ўринни Ҳакима Ғуломова ва 3-ўринни Мухаррам Раҳмонова қўлга киритди.

- Ёшлигимдан жисмоний машқлар бажараман, - дейди 90 ёшли Зубайдулло Қодиров. - Оғир атлетикадан вилоят мусобақасида совринли ўринларни қўлга киритганман. Вилоятда маорифнинг турли соҳаларида меҳнат қилдим. Ҳар куни эрталаб гимнастика машқлари ва шахмат билан шуғулланаман. Фарзандларим, набираларим ҳам мендан ибрат олиб, спорт билан шуғулланишни одат қилишган. Шу сабаб бугунги беллашувда ғолиблар сафидан жой олдим.

Салом ҲАКИМОВ.

Ўзбек жанг санъати

Самарқанд шаҳрида Ўзбек жанг санъати федерацияси раиси Пўлат Усмонов иштирокида махсус йиғин машғулотлари, семинар ҳамда мастер-класс бўлиб ўтди.

Ўтказилган тадбирларда 200 нафарга яқин самарқандликлар машғулотларда қатнашиб, техник-тактик машқлар орқали Ўзбек жанг санъатининг янги қирраларини эгаллади. Муҳими, учрашувда федерация раисининг ўзи иштирок этгани бу спорт турига энди кириб келаётган ёш йигит-қизларнинг қизиқишини оширди.

Учрашувда маҳоратли мураббий ва спортчилар номлари тилга олиниб, икки нафар ёш спортчи “Спорт устаси” унвонига эга бўлди.

Эслатиб ўтамиз: ҳозирда самарқандлик спортчилар 14-16 февраль кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Ўзбек жанг санъати бўйича Ўзбекистон чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда.

Жамил ЮСУПОВ.

Муайтай

Пайариқ тумани, Эрназар қўрғон маҳалласида туғилган Суҳроб Давронов 5 ёшидан спортга меҳр қўйди.

У ҳозир 16 ёшда. Ёш бўлишига қарамасдан, ўзи ўқийдиган 73-умумий ўрта таълим мактабида муайтай бўйича тўгарак ташкил этиб, 50 нафарга яқин тумандошларини ўз ортидан эргаштирмоқда. Спортчи-мураббий уч карра Ўзбекистон чемпионидир. Суҳроб 2019 йил Таиланднинг Паттая шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида кумуш медалини қўлга киритди. Яқинда, эришган ютуқлари ва интилувчанлиги ҳисобга олиниб, муайтай бўйича “Спорт устаси”, деган номга сазовор бўлди.

Ҳозирда у Самарқанд шаҳрида тажрибали спортчи Шерали Жўраев қўл остида шу йилнинг март ойида Таиланднинг Бонгкок шаҳрида бўлиб ўтадиган муайтай бўйича жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда. 

***

Самарқанд шаҳрида муайтай бўйича 2008-2011 йилларда туғилган ёшлар ўртасида вилоят чемпионати ўтказилди.

100 нафардан ортиқ спортчи беллашган мусобақа якунида энг кўп медалларни Самарқанд шаҳри муайтайчилари қўлга киритди. Иккинчи ва учинчи ўринлар пайариқлик ҳамда пастдарғомлик муайтайчиларга насиб этди.

Футбол

Самарқанд шаҳрида Президентимизнинг 2019 йил 4 декабрдаги “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда шу йил 24 январдаги “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” фармонида белгиланган вазифалар ижроси бўйича семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Рўзиев фармонларда келтирилган вазифалардан келиб чиқиб, чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ва ижроси ўз муддатларида бажарилиши юзасидан бошқарма ҳодимлари ҳамда спорт таълим муассасаси раҳбарлари билан келишиб олди.

Қўл жанги

Самарқанд шаҳридаги спорт якка курашларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида қўл жанги бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида вилоят чемпионати ташкил этилди.

Ҳудудлардан келган 150 нафардан ортиқ спортчилар орасидан умумжамоа ҳисобида Самарқанд шаҳрининг “Пантера” жамоаси биринчи ўринга созовор бўлди. Иккинчи ўринни “Динамо-Мотрид” ва учинчи ўриннни Оқдарё тумани спортчилари эгаллади.

“Универсиада”

Вилоятимиз шу йилнинг 24-27 февраль кунлари ўтказиладиган “Универсиада” спорт мусобақасининг гандбол бўйича аёллар ўртасидаги республика финал босқичига мезбонлик қилади.

Мусобақалар Самарқанд шаҳридаги спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида бўлиб ўтади. Спорт жараёнларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича СамДУ штаб вазифасини ўтайди.