Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Суд биносига келган ҳар бир фуқаро адолатга ишониши керак

Мамлакатимизда одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш мақсадида ўтган 3 йилда 20 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ислоҳотлар натижасида судлар томонидан илк маротаба 2 минг 273 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Шунингдек, жиноят йўлига билиб-билмай кирган 3,5 мингдан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланмасдан, улар маҳалла ва жамоатчилик кафиллигига олинди. Инсон ҳуқуқларини бузганлиги учун 60 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жиноий жавобгарликка тортилди.

Бундай ўзгаришлар одамларимизда ҳақиқат ва адолатга бўлган ишончни мустаҳкамламоқда. Лекин Президентимиз жорий йилнинг 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши кураш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида таъкидлаганидек, бундан буён депутат ва сенаторлар ўзлари сайланган ҳудудларда судьялар корпуси, сектор раҳбарлари ва жамоатчиликни жалб қилган ҳолда одил судловга кўмаклашиш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича мунтазам равишда мулоқотлар ўтказиб боришлари лозим.

Аҳоли томонидан кўтарилган адолатсизлик ҳолатлари ва муаммолар ҳар чоракда маҳаллий кенгашларда танқидий муҳокама қилиниб, мутасаддилар олдига аниқ саволлар қўйилади ва масъулиятига баҳо бериб борилади.

Олий Мажлисдаги махсус қўмиталар ҳар бир ҳудуднинг одил судлов ва коррупция масалаларига оид рейтинги юритилишига бош-қош бўлиб, ҳар ярим йилда натижалари бўйича парламент эшитувлари ва текширувларини ўтказиб боради.

Инсон ҳуқуқлари маркази, Омбудсман, Тошкент давлат юридик университетига “Инсон қадр-қиммати - энг олий қадрият” махсус ўқув модули бўйича барча ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбар ходимларини ўқитиш вазифаси юклатилди. Бу эса одил судловни таъминлашнинг яна бир босқичи сифатида хизмат қилади.

Шоҳруҳ МИРЗААХМЕДОВ,

жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси.