Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Суд мустақиллиги - жамиятда адолат тантанаси гарови

Самарқанд вилоят суди мажлислар залида ўтказилган ўқув-семинарининг мавзуси ана шундай номланди.

Вилоят ва туман-шаҳар судлари судьялари, Маъмурий ишлар бўйича вилоят суди судьялари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари А.Тўхташев, С.Раҳмонов ва Ф.Турсунов қонунчиликдаги ўзгаришлар хусусида батафсил тушунча берди.

Таъкидландики, адолат ва қонун устувор бўлган жамиятда фуқаролар эркин ва фаровон яшайди, давлат ҳар томонлама ривожланади. Шу сабабли суд тизимини ислоҳ қилиш давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида. Бу эса, шубҳасиз, суд ҳокимияти ходимлари зиммасига катта масъулият юклайди. Афсуски, Ўзбекистоннинг ўрни тегишли халқаро рейтингларда пастлигича қолмоқда. Бу эса суд тизими ва унинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш лозимлигидан далолат беради.

- 2020 йил 24 июлда Президентимиз томонидан "Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш, одил судлов самарадорлигини ошириш ва судьялар мустақиллиги кафолатларини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармон имзоланди, - деди Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси А.Тўхташев. - Мазкур фармонда суд тизимида бир қатор ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар назарда тутилган бўлиб, улар инсон ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали ишончли ҳимоясини янада кучайтириш, суд тизимини илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларга мослаштиришга кўмаклашади.

2021 йил ҳам қонунчиликда сермаҳсул ва самарали бошланди. Изчил олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг давоми сифатида 12 январь куни Президентимиз бир қатор қонунларни имзолади. Ўзбекистон Республикасининг суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан жиноят-процессуал, фуқаролик процессуал, иқтисодий процессуал, маъмурий суд ишларини юритиш ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунлари қабул қилиниши суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг нафақат изчил давом этаётгани, айни чоғда янги босқичга кўтарилганидан далолат беради.

Тадбирда бу қонунларда фуқаролар ҳуқуқини таъминлаш йўлида катта янгиликлар белгилангани, уларни оғишмай ижро этиш эса судьялардан катта билим ва малака талаб қилиши алоҳида таъкидланди.

Самарқанд вилоят суди ахборот хизмати.