Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Судда видеоконференцалоқадан фойдаланиш кишиларга қандай кўмак беради?

Мазкур фармонда суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилинишини таъминлаш мақсадида ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш (ўта оғир жиноятлар бўйича), тинтув қилиш, тергов эксперименти тарзидаги процессуал ҳаракатларни видеоёзув воситаларидан фойдаланган ҳолда мажбурий видеода қайд этиш каби қоидалар белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари, терговни олиб боришда гувоҳ, жабр­ланувчи ва айбланувчини сўроқ қилиш, юзлаштириш ва бошқа ҳаракатлар учун фуқаролар тергов ор­ганларига келтирилади ёки терговчининг ўзи жойларга хизмат сафари билан боради. Бу эса аксарият ҳолларда Жиноят-процессуал кодексининг 351-моддасида белгиланган тергов муддатларининг бузилишига олиб келмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жиноятларни тез ва аниқ фош этиш ҳамда тергов қилишда видеоконференцалоқадан кенг фойдаланиши ана шу муаммоларни ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эга.

Бу жараён дастлаб 2002 йил АҚШ судларида жорий этилиб, ҳозирги кунда ҳам жиноят процессининг барча босқичларида қўлланилади. Бироқ АҚШнинг жиноят-процессуал қонунчилигида видеоконференцалоқа орқали бирор кўрсатмани олиш асослари белгилаб берилмаган. Бундай масалалар округ судлари томонидан ишни кўриш жараёнида ўхшашлигига қараб ҳал этилади.

Шунингдек, айрим хорижий давлатларнинг қонунчилиги халқаро топшириқларни бажаришда видеоконференцалоқадан фойдаланишни ҳам кўзда тутади.

Халқаро тажрибани юртимизда қўллаш, хусусан, жиноятларни тергов қилиш жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш тергов самарадорлигини оширишда муҳим қадам ҳисобланади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали видеоконференцалоқадан фойдаланишнинг асослари, тартиби ва механизмлари қатъий белгилаб қўйилиши суд-тергов фаолиятининг такомиллашиши, жиноятни аниқлаш қонунда белгиланган муддатда якунланиши, вақт ва маблағнинг тежалишига олиб келади.

Собир АЛИШАЕВ,

Самарқанд ҳарбий

судининг раиси.