Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Судья фуқаролар саволларига жавоб берди

Турмуш ўртоғим билан ажрашиш арафасидаман, биргаликдаги турмушимиздан бир нафар вояга етмаган фарзандимиз бор. Никоҳдан ажратишда мол-мулкларнинг бўлиниш тартиби қандай? Вояга етмаган фарзандимнинг ҳиссаси ҳам борми?

Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишда, шунингдек уларнинг шу мол-мулкдаги улушларини аниқлашда, эр ва хотиннинг улушлари тенг деб ҳисобланади. Суд вояга етмаган болалар манфаатларини ҳисобга олиб, улушлар тенглигидан чекинишга ҳақли. Фарзанд ота-онанинг мол-мулкини талаб қилишга ҳақли эмас, фақат ота(она)нинг вафотидан сўнг ворислик ҳуқуқи асосида меросхўр бўлиши мумкин.

Эрим билан никоҳдан ўтмасдан турмуш қурганмиз, ўртамизда битта фарзандимиз туғилган. Бахтга қарши, эрим касалликка чалиниб, вафот этди. Болага нафақа тайинлашни сўраб мурожаат қилганимда, унинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасида эримнинг исм-шарифи кўрсатилмаганини важ қилишиб аризамга рад жавоби беришди. Менга йўл-йўриқ кўрсатинг.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 295-моддаси тартибида суд оталикни белгилаш фактини аниқлаш тўғрисидаги ишларни кўради. Сиз мазкур ҳолатда марҳум турмуш ўртоғингиз билан ҳақиқатдан ҳам норасмий оилавий муносабатларда бўлганлигингизни ҳамда биргаликдаги турмушларингиздан бир нафар фарзандингиз туғилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (туғилганлик ҳақида гувоҳнома нусхалари, тўй фотосуратлари, маҳалла далолатномаси ва бошқа далиллар) ни илова қилган ҳолда фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгасиз.

Ўзимга тегишли бино бўйича фуқаро билан ижара шартномаси тузганман, лекин у шартнома мажбуриятларини бажармасдан ижара тўловларини тўламаётгани учун судга мурожаат қилмоқчиман. Қандай ҳужжатлар талаб қилинади? Судга интернет орқали мурожаат қилсам бўладими?

Судга ижара тўловлари бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги даъво аризаси тақдим қилиниб, арз қилинган талабларни исботловчи ҳужжатлар (ижара шартномаси, қарздорлик тўғрисида маълумотнома), шунингдек паспортингиз нусхаси, давлат божи тўланганлиги тўғрисида патталар илова қилинади. «E-SUD» тизими орқали фуқаролик ишлари бўйича республикамиздаги барча судларга исталган кун, вақт ва масофадан туриб ҳужжатларни электрон тарзда топширишингиз мумкин. «E-SUD» ахборот тизими орқали жисмоний ва юридик шахсларга фуқаролик ишлари бўйича судларга ариза  ва даъво аризаларини юбориш, суд мажлиси ўтказиладиган сана ва вақти бўйича маълумот олиш, суд ҳужжатлари ва чақирув қоғозларини электрон равишда олиш, суд иши бўйича материаллар билан танишиш, судлар тўғрисида маълумот олиш каби интерактив хизматлар кўрсатилади.

Қишлоқдошим тилла буюмларимни сотиб беришни ваъда қилиб олганди. Кейинчалик пулни ҳам, буюмларни ҳам бермагани учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилдим. Жиноят ишлари бўйича судда иш кўрилиб, айби исботланди. Менга етказилган зарарни қандай ундирсам бўлади?

Фуқаронинг қонунга хилоф хатти-ҳаракатлари мулкий ҳуқуқларингизга қарши қаратилганлиги оқибатида етказилган моддий зарар, шунингдек маънавий зарарни ундириш ҳақида сиз фуқаролик ишлари бўйича судга даъво талаби билан мурожаат қилишга ҳақлисиз. Судларда жиноят туфайли етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан даъвогарлар давлат божи тўловидан озод қилинади.

Саволларга фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят

судининг судьяси Г.Эсанова жавоб берди.