Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Суғориладиган ерда саноат ва фуқаролик объектлари қуриш учун фақат Президент фармони билан рухсат этилади

Статистик маълумотларга кўра, юртимизда суғориладиган ерлар

3 миллион 300 минг гектарни ташкил қилади. Аҳоли сони ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёж ортаётгани бу борада янгича ишлашни тақозо қилмоқда. Негаки, бизда суғориладиган ерларни кенгайтириш учун сув ресурслари чекланган.

Шундан келиб чиқиб, 2019 йил 17 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги

ПФ-5742-сонли фармони қабул қилинди. Фармонда йиллар давомида ирригация ва мелиорация ҳолати ёмонлашуви натижасида фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни босқичма-босқич қайта фойдаланишга киритиш, ер ости сув захираларидан самарали фойдаланиш чоралари кўриш белгиланган.

Бундан ташқари, фармонга кўра, ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига ердан фойдаланувчи розилиги асосида сарф этилган маблағларнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан сўнгина рухсат этилади. Ушбу ер майдонларида барпо этиладиган инфратузилма объектларини (дала шийпон, маҳсулотлар сақланадиган омборхоналар, суғориш иншоотлари ва бошқалар) жойлаштиришга рухсат берилиши, ердан фойдаланувчиларнинг эҳтиёжлари учун олиб келинадиган ва республикада ишлаб чиқарилмайдиган хом-ашё, материаллар, техника, асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда божхона тўловлари (қўшилган қиймат солиғидан ташқари) тўлашдан озод қилинди.

Шунингдек, инвестициявий шартнома ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни фойдаланишга киритиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи, лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг

50 баробаридан ошмаган қисми қоплаб берилиши назарда тутилган. Ушбу ҳолатда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ерларнинг сув таъминоти тизимларини қуриш, реконструкция қилиш учун жалб этилган кредитларнинг бир гектар ҳисобига 40 миллион сўмдан ошмайдиган қисмига тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 5 фоизлик пункти қоплаб берилиши каби янги қоидалар киритилди.

Фармонга мувофиқ, суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари махсус муҳофазага олиниб, ушбу ерларни қишлоқ хўжалигидан бошқа мақсадларда, шу жумладан саноат ва фуқаролик объектлари (бинолар ва иншоотлар) қурилиши учун ажратилишига йўл қўйилмаслиги, бунинг учун фақат Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан ажратилиши тартиби жорий қилинди.

Бир сўз билан айтганда фармон мамлакатимизда ер ресурсларидан самарали фойдаланиш борасида янгича иш тизимини жорий қилиб, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга хизмат қилади.

Баҳодир ҚАРШИЕВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмати бош юрисконсульти.