Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сув таъминоти ва канализация объектларини бошқаришда хусусий сектор ҳам жалб қилинади

Қарорда кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан ичимлик суви таъминоти ва канализация соҳасида белгиланган тадбирларни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган қатор ҳал этилмаган муаммолар ҳамон мавжудлиги эътиборга олинган ҳолда соҳани ривожлантиришнинг устувор вазифалари белгилаб берилган.

 Жумладан,

сув таъминоти ва канализация корхоналарини, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бошқариш ҳамда улардан фойдаланиш соҳасида илғор хорижий тажрибани босқичма-босқич жорий қилиш;

сув таъминоти ва канализация соҳасида ҳисобга олиш ҳамда мониторинг қилишни таъминлайдиган замонавий ахборот ва ресурс тежовчи технологияларни жорий этиш, республикадаги барча истеъмолчиларни ичимлик сувини ҳисобга олувчи замонавий асбоблар билан жиҳозлаш;

тураржой комплексларини қуришда санитария талабларини, шу жумладан, маҳаллий тозалаш иншоотларини қўллаш орқали таъминлаш мақсадида канализация объектларини ичимлик суви таъминоти объектлари билан биргаликда лойиҳалаштириш, қуриш ҳамда реконструкция қилиш;

ичимлик суви ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларини ўзи тўлиқ қоплашини таъминлайдиган, сув таъминоти ҳамда канализация объектларини бош­қариш ва улардан фойдаланишга хусусий секторни жалб қилиш имконини берадиган янги тариф сиёсатини ишлаб чиқиш орқали сув таъминоти ва канализация корхоналарининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш белгилаб берилган.

Қарорда соҳага хусусий секторни жалб этиш билан бирга, тармоқнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш бўйича вазифалар ҳам кўрсатиб ўтилган, – дейди вилоят "Сувоқова" ишлаб чиқариш давлат корхонаси бошлиғи Комил Юсупов. – Хусусан, тўғридан-тўғри, аввало, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, илғор ахборот-коммуникация технологиялари ва инновацион ечимлар, шунингдек, ичимлик сувини ҳисоблашнинг замонавий асбобларини жорий этиш каби топшириқлар соҳани молиявий жиҳатдан оёққа турғазишда муҳим аҳамиятга эга. Бу эса ўз-ўзидан таъминот ва хизмат кўрсатиш сифати ошишига олиб келади.