Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сувни асранг ва “Зарафшон”га бепул обуна бўлинг!

Хабарингиз бор, бугун Самарқанд вилоятида “Сувни асранг!” шиори остида акция ўтказилмоқда. Акция доирасида ташкил этилган тадбирлар давомида аҳолининг сувга бўлган муносабати ўзгарди, сувни исроф қилмаслик бўйича тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди, ёрилган қувурлар созланди, сув жўмраклари таъмирланди.

Ушбу хайрли ишни фақат акция давомида эмас, балки кундалик одатимизга, сувнинг ҳар томчисини асрашга, бекорга оқиб ётган сув жўмракларини беркитишга айлантириш мақсадида «Зарафшон» газетаси ташаббус билан чиқмоқда.

Агар Сиз вилоятимизнинг қайси ҳудудида ичимлик суви билан томорқа суғораётган, резина шланглар орқали кўча ва ҳовлиларига сув сепаётган, машинасини юваётган ёки қаерда сув қувури ёрилиб, сув исроф бўлаётган ҳолатларни кўрсангиз ва бу ҳолатни фото ёки телефон камерасига тушириб, таҳририятнинг @zarafshonbot тelegram манзилига жўнатсангиз, йилнинг қолган даври учун “Зарафшон” газетасига бепул обуна қилинасиз.

Бунинг учун Сиздан сувдан самарасиз фойдаланиш ҳолатлари бўйича камида 5 та жойдан аниқ мазили кўрсатилган фото ва видеолавҳа жўнатиш талаб этилади.

Эслатиб ўтамиз, бир дақиқа очиқ қолган сув жўмрагидан 5 литрдан ортиқ сув оқади. Жўмрак ўн дақиқа очиқ қолса, 50 литр, бир соат очиқ қолган жўмракдан 300 литр сув оқиб, исроф бўлади. Буни ўн соатга, бир суткага кўпайтирсак, қанча обиҳаёт исроф бўлаётганини тўлиқ англаймиз.

Шундай экан, ташаббусимизни қўллаб-қувватланг, унда фаол иштирок этинг, бир томчи бўлса ҳам ичимлик сувини асранг ва бепул “Зарафшон”га обуна бўлинг!