Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Сувоқава” хизматларнинг ягона биллинг тизимини жорий этмоқда

Самарқанд вилояти “Сувоқава” ДУК ҳамда “Интеллект” МЧЖ ўртасида тузилган шартномага кўра, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг сув таъминоти ва оқава хизматларини кўрсатувчи корхоналарига ягона автоматлаштирилган биллинг тизими татбиқ қилинган.

Ушбу тизимнинг узлуксиз ишлаши ва ундан фойдаланишда техник қўллаб-қуватлаш, шунингдек, кузатиш хизматлари шартномасига асосан жойларда тизимдан фойдаланувчиларни ўқитиш, мавжуд муаммоларни ўрганиб, бартараф қилиш ҳамда талаб қилинган масалалар бўйича йўлланмалар бериш каби масалалар юзасидан ўқув ташкил этилди.

Самарқанд вилояти “Сувоқава” ДУК ва шаҳар, туман филиалларининг автоматлаштирилган биллинг тизимида ишловчи маъсул операторлари учун 2020 йилнинг январь ойи мобайнида ўқув семинарлари ўтказилди.

Ўқувлар жараёнида операторларга ташкилотлар билан ишлаш, янги абонент қўшиш, таҳрир қилиш, ўчириш, ҳисоблагич кўрсаткичлари ва ҳисоб-фактураларини тузиш бўйича тушунчалар берилди.

Бундан мақсад - тизимдаги ҳар бир жараён ва олиб борилаётган ишларни электрон тартибга ўтказиш, ҳисоботларни тезда шакллантириш, улардан тўғри фойдаланиш, электрон пул тўлов тизимларидан фойдаланиш, тушган маблағларни қисқа вақтларда кўриб боришдан иборат.

Ўқув-тушунтириш ишлари мобайнида операторлар автоматлаштирилган биллинг тизимидан фойдаланиш билан боғлиқ саволларига жавоб олишди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур биллинг тизимидан фойдаланиш натижасида ходим ҳамда абонентларнинг вақти тежалади, ортиқча оворагарчиликка йўл қўйилмаслиги назарда тутилган.

Самарқанд вилояти “Сувоқава” ДУК матбуот хизмати.