Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Таълимдаги янгилик ва ўзгаришлар, келажак учун мустаҳкам пойдевор

Табиий бойликларнинг камайиб бориши, қишлоқ хўжалиги учун яроқли ер майдонларининг қисқариши, ичимлик суви танқислиги муаммолари энг замонавий илм-фан ва технологиялар (кимёвий ва биотехнологиялар, ген инженерия, нанотехнология ва ҳ.к.)дан самарали фойдаланиш масалаларини кун тартибига қўймоқда. Аммо инновацион фан ва технологиялар барча мамлакатларда ҳам бир текис ривожланмаган. Бу технология­лар "ноу-хау" сифатида бош­қа давлат ёки мамлакатларга текинга берилмайди. Қолаверса, ушбу технологиялардан фойдаланиш ҳам инновацион билимларни талаб қилади. Шу боис мамлакатининг дунё ҳамжамиятида ўз ўрнини йўқотмаслиги, халқи­нинг қашшоқ ва қарам бўлиб яшашини истамайдиган давлатлар таълим ва илм-фанни ривожлантиришга, оддийроқ қилиб айтсак, инсон капиталини яратишга устувор вазифа сифатида қарамоқда.

Мамлакатимизда ҳам кейинги йилларда таълим тизимида замон талабларидан келиб чиқиб кенг миқёсли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сўнгги икки йилда таълим ва илм-фан соҳасига оид ўнлаб фармон ва қарорлари қабул қилинди. Уларнинг натижалари ҳозирданоқ кўзга ташлана бошлади.

Мактабгача таълим тизимига алоҳида эътибор қаратилиши, халқ таълими соҳасидаги ўзгаришлар, олий таълимдаги янгилик ва қулайликлар, илмий тадқиқотчиларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши юртимизда интеллектуал салоҳиятли авлодни камолга етказиш ва мамлакат қудратини оширишга қаратилган.

Лекин ўзгариш ва янгиликлар осонликча кечаётгани йўқ. Чунки бу тадбирларнинг амалга ошиши ниҳоятда катта маблағ, профессионал мутахассис-кадрларга эҳтиёж туғдиради. Шунингдек, шу пайтгача тизимда тўпланиб қолган муаммоларни бирданига ҳал этиш ҳам имконсиз. Иккинчи томондан эса қачон боғчада хорижий тилларни ўрганиб, бошлан­ғич ва ўрта мактабда замонавий билимларни ўз­лаш­тир­ган ёшлар олий мактабга келади, деб кутиб ўтиришимизни шиддат билан ўзгариб бораётган вақт ҳам, жамият ҳам кечирмайди.

Давлатимиз раҳбарининг Жанубий Корея, Англия, Япония, Хитой, Россия ва бошқа мамлакатларнинг нуфузли мутахассисларини таълим жараёнига жалб қилиш, юртимизда хорижий мамлакатлар университетларининг филиалларини очиш, ёшларимизнинг хорижда малака ошириши ёки ўқиши учун имконият яратишга алоҳида эътибор қаратишининг боиси ҳам  шунда.

Мамлакатимиздаги нуфузли олий таълим даргоҳи ҳисобланган Самарқанд давлат университети жамоаси ҳам ўз фаолиятини танқидий таҳлил қилиб, яқин йилларда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларни белгилаб олган. Университет ректорати таълимнинг сифати ва самарадорлигини ошириш, бошқарув тизимини оптималлаштириш мақсадида факультетлар ва кафедралар сонини таълим йўналишлари, талабалар контингенти, илмий даражали профессор-ўқитувчилар таркиби, моддий-техник база билан таъминланганлик даражасидан келиб чиқиб қайтадан шакллантирди. Илмий салоҳиятни ошириш мақсадида ҳар бир таълим йўналишидан йилига камида бир нафар ёш ходимни хорижга ўқиш ёки малака ошириш учун юбориш белгиланди. Уч йил ва ундан ортиқ муддатда ишлаб келаётган ва илмий иш билан фаол шуғулланмаётган ўқитувчи ва техник ходимлар учун хорижда ўқиш ва тил ўр­ганишни ўз ичига олган "Йўл харитаси" тузилди. Бир йил ичида фалсафа докторлиги ва фан докторлигини ҳимоя қилувчи 9 та илмий кенгаш ташкил қилинди. Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиклариТ.Мўминов, М.Ашуров, Ш.Али­­мов, Т.Рашидов ўқув-илмий жараёнга жалб қилинди.

Университетда таълим сифатини яхшилаш мақсадида ҳар бир кафедра мудири ва профессор-ўқитувчи билан дарсларни сифатли ўтиш, айниқса, мустақил таълимга катта эътибор қаратиш, талабалар билимини холисона ва адолатли баҳолаш, иқтидорли ёшларга индивидуал ёндашиш, илмий тадқиқотлар натижавийлигини таъминлаш бўйича маслаҳат-суҳбат ўтказилди. 2017-2018 ва 2018-2019 ўқув йилларида ўқишга қабул қилинган талабаларнинг саводхонлик даражаси ва танланган мутахассисликлари бўйича билимини аниқлаш мақсадида қўшимча синовлар ўтказилди. Бу тадбирлар асосида иқтидорли гуруҳлар ташкил қилинди.

Математика, физика,    ки­мё ва биология таълим йўналишларида ўқув предметларининг бир қисми рус ва инглиз тилларида ўқитилиши йўлга қўйилди. 2017-2018 ўқув йили давомида математика, физика, филология, Ўзбекистон тарихи, хорижий тиллар бўйича мутахассисликка йўналтирилган янги адабиётлар яратилди.

Бундан ташқари, айни пайтда университетнинг хорижий олий таълим муассасалари билан ҳам ҳамкорлиги ривожланиб бормоқда. Бу борада кейинги йилларда ўндан ортиқ давлатларнинг мамлакатимиздаги элчилари, жаҳондаги рейтинги баланд ўқув юртлари раҳбар ва олимлари илм даргоҳимизга келиб, ҳамкорлик истиқболларини белгилаб олдик. Яқинда эса халқаро Нобель мукофоти соҳиби, нуфузли олим Азиз Санжар университетимиз меҳмони бўлиб, профессор-ўқитувчилар ва талабалар билан учрашди.

 

Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбарининг таълим ва тарбия соҳасидаги туб ислоҳотларни юксак босқичга кўтариш, мамлакатимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган янги авлод кадрларини вояга етказишга қаратилган ишларни изчил давом эттириш ҳаммамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас бурчимиздир, деган сўзлари бугун университетимиз жамоаси учун дастуриламал бўлмоқда.

Ш.МАХМАТМУРОДОВ,

СамДУ профессори.