Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Табиатни севмоқ, уни ҳимоя қилмоқ дегани

Бу масаланинг ечими оддий. Мисол учун, ҳовлига ва унинг олдига чиройли гул экиш, истироҳат боғида, уйлар олдидаги ўриндиқда ўтириб, атрофга писта пўчоқларини ташламаслик, майса йўлакларини босиб ўтмаслик, машинада кетаётиб, шоколад ёки музқаймоқ идишини кўчага ташлаб юбормаслик…

Эҳ-ҳе, буларни истаганча давом эттириш мумкин. Чунки барчаси ўзимизга боғлиқ ва кўз ўнгимизда рўй беради. Энди ҳар биримиз ўзимизга савол берайлик: ана шу вазифани бажаряпмизми? Ёки экологияни ифлослантираётган кишиларга дашном бера оляпмизми?

Айримлар заҳматли меҳнати билан боғ-роғлар, гулзорлар яратмоқда. Дунёнинг турли бурчакларидан ноёб дарахт ва гул кўчатлари келтириб парваришламоқда. Айримлар эса… ана шундай гўзаллик нафосатидан баҳра олишдан йироқ…

Баъзан боласининг қўлидан етаклаб майсали йўлакни босиб ўтаётган ота-оналарни кўрсам, иккаласига ҳам ачиниб кетаман: бири табиатни ҳурмат қилишни ўргатмаяпти, иккинчиси эса бу ноёб туйғуни англаб етмаяпти. Аслида бу ҳолат ота-онанинг болани етаклаб, автомобил йўлининг белгиланмаган жойидан қоидани бузиб олиб ўтиши билан баробар. Демак бу ҳолатда ҳам жарима чораларини қўллаш зарур.

Муҳими, ҳар биримиз бундай вазиятда «Ҳой, биродар, бу майсани, гулни кимдир машаққат билан ўстирган, у бизга нафосат бахш этиб турибди, уни пайхон қилманг!» деб айта олайлик.

Мен табиатни севишни, уни ҳимоя қилишни ана шундай тушунаман.

Муниса ШАМСИЕВА,

СамДУ талабаси.