Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Табиий газ истеъмолидан қарздор корхона энди пеня, давлат божи ҳам тўлайдиган бўлди

2-сонли газ таъминоти участкаси Булунғур туман ҳудудий корхонаси томонидан, улгуржи истеъмолчиларнинг дебитор қарздорликларни ундириш юзасидан тақдим этилган рўйхатида “Обиджон Қурилиш Сервис” хусусий корхонасининг табиий газ истеъмолидан 116 миллион 938 минг сўм қарзи борлиги аниқланди.

Қарздорлик юзасидан Бюронинг туман бўлими ходимлари томонидан қонунда белгиланган тартибда 5 кунлик муддат ичида тўлаб берилиши лозим бўлган талабнома юборилган. Унда дебиторлик қарз вужудга келганлиги, агар дебиторлик қарзи тўланмаган тақдирда шартномага асосан тўловнинг ҳар бир кечиктирилган куни учун пеня ҳисобланиши ҳамда табиий газ тармоғидан ажратилиши кўрсатилган.

Талабнома ижроси “Обиджон Қурилиш Сервис” хусусий корхонаси томонидан 5 кунлик муддат ичида бажарилмай, жавобсиз қолдирилганлиги сабабли, корхонага нисбатан тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирилиб, табиий газ истеъмоли тармоғидан ажратилган.

Орадан анча вақт ўтиб, 116 миллион 938 минг сўм дебитор қарздорликдан қисман, яъни 31 миллион 336 минг сўм қарздорлик бартараф этилган. Қолган 85 миллион 602 минг сўм миқдордаги дебитор қарздорлик ёпилмаган.

Ушбу қарздорликни “Обиджон Қурилиш Сервис” хусусий корхонаси томонидан тан олмаганлиги сабабли, Бюронинг Булунғур туман бўлими томонидан корхонанинг табиий газ ресурсларидан бўлган 85 миллион 602 минг сўм қарздорликни “Ўзтрансгаз” АЖ корхонаси фойдасига ундириш юзасидан қонуний қарор чиқариш учун Жомбой туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритилган.

Шунингдек, Жомбой туманлараро иқтисодий суд томонидан “Обиджон Қурилиш Сервис” хусусий корхонасига нисбаттан кўриб чиқилган суд ишида 2-сонли газ таъминоти участкаси Булунғур туман ҳудудий корхонаси (“Таъминотчи”) ва “Обиджон Қурилиш Сервис” хусусий корхонаси (“Истеъмолчи”) ўртасида табиий газ етказиб бериш ва ундан фойдаланиш юзасидан шартнома тузилган.

Ушбу шартномага кўра, “Таъминотчи” “Истеъмолчи”нинг буюртмасига мувофиқ табиий газ етказиб беришни, “Истеъмолчи” эса табиий газни қабул қилиб олиш ва белгиланган нархлар бўйича ҳақ тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олган.

Шартнома асосида 85 миллион 602 минг сўмлик қарздорлиги мавжудлиги, ишдаги ҳужжатлар орқали ўз исботини топганлигини инобатга олиб, даъвогар томонидан шартномада назарда тутилган ҳисоб-китоб шаклига амал қилмасдан, ўз вақтида қарзни ундириш чораларини кўрмаганлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг тегиши  моддаларига асосланиб, “Ўзтрансгаз” АЖ фойдасига “Обиджон Қурилиш Сервис” хусусий корхонасидан 85 миллион 602 минг сўм асосий қарз, 8 миллион 560 минг сўм пеня, олдиндан тўлаб чиқилган 16 минг 218 сўм почта харажати, Республика бюджети ҳамда суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармасига 2 миллион 797 минг 162 сўм давлат божи ундириш юзасидан ҳал қилув қарори чиқарилиб, мажбурий тартибда ундириш Бюронинг Булунғур туман бўлими зиммасига юклатилди.

Ҳозирги кунда “Обиджон Қурилиш Сервис” хусусий корхонасига нисбатан ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сардор ШУКУРОВ, Мажбурий ижро бюроси

Булунғур туман  бўлими инспектори.