Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Табиий газ қувуридан ўғринча фойдаланаётган икки “тадбиркор” давлат манфаатларига 200 миллион сўмдан зиёд зарар етказган

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси ва Паст Дарғом тумани бўлими ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижросини ўрганишди.

Жумладан, Паст Дарғом туманининг Туркман маҳалласида яшовчи фуқаро Ю.Ю. жами 26,32 метр квадрат ер майдонида иссиқхона ташкил қилиб, уни ишлатиш учун табиий газдан фойдаланиш мақсадида таъминотчи корхонадан тегишли рухсатнома олиш ўрнига, маҳалласини газ билан таъминловчи 426 диаметрли газ қувурига 32 диаметрли газ қувурини хуфиёна равишда, ер ости орқали улаб олиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келган. Унинг бундай «тадбиркорлик» фаолияти давлат манфаатларига 81 миллион 183 минг сўмлик зарар етказган.

Ушбу ҳолат юзасидан Бюронинг Паст Дарғом тумани бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “в,г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, туман прокуратураси томонидан тергов ишлари олиб борилмоқда.

Худди шу каби туманнинг Бахшибойи маҳалласида яшовчи фуқаро З.А. қора қоғоз ишлаб чиқариш цехи ташкил этиб, цех фаолиятини қонуний равишда ташкил қилиш учун табиий газ улгуржи истеъмолчиси тариқасида таъминотчи корхонадан рухсатнома олиш ва тегишли тартибда белгиланган тўловларни амалга ошириб бориш ўрнига, туманнинг Камолот маҳалласи аҳолисини  табиий газ билан таъминловчи 70 диаметрли газ қувурига яширин равишда 40 диаметрли қувур ўтказиб, цехида ўрнатилган маиший иситиш қозонига улаб олган ва узоқ вақт табиий газ ресурсларидан ноқонуний фойдаланиб келган. Фуқаро З.А.нинг бундай ҳаракатлари оқибатида давлат манфаатларига 122 миллион 625 минг сўмлик зарар етказилган.

Ушбу ҳолат юзасидан Бюронинг Паст Дарғом тумани бўлими томонидан фуқаро З.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 185(2)-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси ахборот хизмати.