Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Тадбиркор аукционда ғолиб бўлганини қандай билиши мумкин?

Аввало, мулкка эгалик ҳуқу­қини қўлга киритиш тартибига тўх­талсангиз. Чунки ўзбошимчалик билан қурилган бир қатор уй эгалари кимга мурожаат қилишни билмай турибди.

– Ўзбошимчалик билан қурилган уйга нисбатан мулк ҳуқуқини олиш учун фуқаро давлат хизматлари маркази орқали туман (шаҳар) ҳокимига ариза билан мурожаат қилиши лозим. Аризага фуқаронинг паспорт нусхаси, оила аъзолари ҳақида ҳамда иморат қурилган вақт тўғрисида маҳалла маълумотномаси илова қилинади. Ана шу маълумотлардан бошқа ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш тақиқланади.

Юқоридаги фармон ҳамда қарор эълон қилингач, кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) комиссиялари ташкил этилган бўлиб, ариза келиб тушгандан сўнг жойга чиққан ҳолда ўзбошимчалик билан қурилган иморат ўрганилади ва далолатнома расмийлаштирилади. Ана шу далолатномада комиссия аъзоларининг хулосалари акс эттирилади ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш мумкинлиги ёки мумкин эмаслиги кўрсатилади. Бу ишлар 11 кун ичида амалга оширилади.

Комиссия томонидан иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш мумкин деб топилганда далолатнома тасдиқланган куннинг ўзида давлат хизматлари марказига мурожаат этувчи бир марталик йиғимни тўлаши учун электрон шаклда ҳисобварақ-фактурани тизим орқали юборади. Бу йиғим энг кам иш ҳақининг 5 баравари миқдорида деб белгиланган бўлиб, 4 иш кунида тўловни амалга ошириш лозим.

Бир марталик йиғим тўлангандан кейин 2 кун мобайнида иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисида ҳоким қарори лойиҳаси тайёрланади ва тасдиқлаш учун ҳокимга тақдим этилади. Ҳоким қарори 2 иш куни мобайнида қабул қилинади. Қабул қилинган қарор нусхаси давлат хизматлари маркази томонидан мурожаат этувчига тақдим этилади.

Демак, фуқаро ўзбошимчалик билан қурилган, неча йиллар давомида тақдири номаълум бўлиб турган уйига эгалик ҳуқуқини олиш учун бор-йўғи бир марта давлат хизматлари марказига боради. Шундайми?

Худди шундай. Яъни, бир марта ариза топширади, иккинчи марта пул тўлайди. Ҳокимият, кадастр, қурилиш ва бошқа идораларга қатнаш шарт эмас. Айтиш керакки, давлатимиз раҳбарининг ушбу фармони кўплаб юртдошларимизнинг уй-жойга эгалик ҳуқуқига эришишига катта имконият беради. Шу билан бирга, фуқароларнинг мазкур масала юзасидан давлат идораларига мурожаат қилиш кўрсаткичлари сезиларли равишда камаяди.

Аммо шуни эсдан чиқармаслик керакки, эгалик ҳуқуқини рад этишга сабаб бўладиган ҳолатлар ҳам бор. Аввало, умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи бериладиган ўзбошимчалик билан қурилган уйларга тўхталамиз. Демак, қуйидаги ҳолларда мулк ҳуқуқи эътироф этилади:

–  ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, жисмоний шахслар томонидан узлуксиз фойдаланилаётган ер участкалари, агар ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини бузмаса ёки фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаса, қонун ҳужжатларида белгиланган меъёрлар (шу жумладан, ҳар бир оилага белгиланган меъёрлар) доирасида;

белгиланган тартибда берилмаган ер участкаларида қурилган объектлар мулкдори бўлмаган, лекин ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилиб, жисмоний шахслар томонидан фойдаланилаётган иморатларига ва ер участкасига;

жисмоний шахслар томонидан "Ер тўғрисида"ги қонун қабул қилинишига қадар якка тартибда уй-жой қуриш, шахсий ёрдамчи хўжалик юритиш учун фойдаланиб келаётган иморатлар ва ер участкасига ҳуқуқларини белгиловчи ҳужжатлари сақлаб қолинмаган бўлса;

деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжалик юритиш учун фойдаланилмаётган ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ва уларда қурилган иморатларга "Деҳқон хўжалиги тўғрисида"ги қонуннинг 8-моддасида белгиланган меъёрлар доирасида.

Мулк ҳуқуқи эътироф этилмайдиган ҳолатлар эса қуйидагича:

аҳоли пунктларининг бош режалари ва уларнинг қисмларини батафсил режалаштириш лойиҳаларига, қишлоқ фуқаролар йиғинлари ҳудудларини меъморий режалаштиришни ташкил этиш лойиҳаларига зид равишда жойлашган иморатларга;

магистрал қувурлар, темирйўл ва автомобиль йўллари, электр қуввати узатиш ва алоқа линиялари қўриқланадиган муҳофаза зоналари, сув муҳофазаси ва санитарияимоя зоналарида, шунингдек, аэродромлар, чиқиндилар ва бошқа заҳарли моддаларни кўмиш жойлари яқинида жойлашган иморатларга;

қонун ҳужжатлари билан қурилиши тақиқланган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда ҳамда табиий хавфи юқори бўлган ҳудудда жойлашган иморатларга;

ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасида қурилган иморатлар шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини бузиб қурилган бўлса, унинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузса ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирса.

Фуқаро комиссия қароридан норози бўлса-чи?

Бундай ҳолатда бир марталик акция тугагунга қадар тегишлилиги бўйича юқори турувчи комиссияга ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Бир марталик акция 2019 йилнинг 1 май кунига қадар давом этади.

Энди кўпчилик мурожаат қиладиган яна бир масалатадбиркорлик учун ер олиш тартибидаги ўзгаришлар хусусида тўхталсангиз.

Жорий йил 4 апрелда Президентимизнинг "Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори имзоланди. Унга кўра, жорий йил 1 июлдан бошлаб юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш "E-IJRO AUKSION" ягона электрон савдо майдончасида электрон аукцион орқали амалга оширилмоқда. Алоҳида таъкидлаш керакки, ер участкаларини бериш бўйича материалларни йиғиш, кўриб чиқиш ва ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан келишиш фақат замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда электрон шаклда амалга оширилади. Содда қилиб айтганда, бу бўйича ҳам ҳеч қандай сарсонгарчиликка йўл қўйилмайди. Барчаси электрон тарзда амалга оширилади

Аукцион ўтказилиши тўғрисидаги хабарнома оператор веб-порталида (https://e-auksion.uz/) у ўтказилишидан камида 30 календарь кун аввал жойлаштирилиши керак. Аукцион икки шакл­да ўтказилиши мумкинёпиқ ва очиқ. Ёпиқ аукционда фақат ер участкаси жойлашган туманда (шаҳарда) рўйхатга олинган доимий яшовчи юридик ва жисмоний шахслар иштирок этишлари мумкин. Очиқ аукционда эса барча юридик ва жисмоний шахслар иштирок этишлари мумкин.

Электрон аукционда иштирок этишга буюртманомалар хабарнома жойлаштирилган кундан бошлаб автоматик тарзда қабул қилинади. Аукционни ўтказиш кунидан икки иш куни олдин (соат 13:00 да) якунланади.

Сиз ер олмоқчи бўлсангиз, буюртманомани юқоридаги сайтда тўлдирасиз ва у электрон рақамли имзо билан тасдиқланади (Махсус электрон рақамли имзо аукцион операториМажбурий ижро бюроси қошидаги "Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази" ДУК томонидан берилади. Таҳририят). Шунингдек, участка бошланғич қийматининг 20 фоизи миқдорида закалат киритиш ва буюртманомада тўлов ҳужжати реквизитларини кўрсатиш талаб этилади. Тўлов ҳужжатининг тўлов мақсадида лот рақами кўрсатилган бўлиши лозим, ҳар бир объект бўйича алоҳида тўлов ҳужжати талаб этилади

Аукцион иш куни мобайнида соат 9:00 дан 18:00 гача у якунлангунга қадар иштирокчилар шахсини ошкор қилмасдан ўтказилади. Бироқ бу иштирокчилар кун давомида ўзлари учун қулай пайтда ўз таклифларини билдиришга ҳақли эканликларини англатмайди. Гап шундаки, охирги таклифдан сўнг 10 дақиқа давомида ҳеч ким кейингисини тасдиқламаса, уни тасдиқлаган иштирокчи аукцион ғолибига айланади. Яъни, аукцион соат 9:00 дан 18:00 гача давом этиши учун бошланғич нарх камида 54 марта 5 фоиздан (аукцион қадами) ошириб борилиши зарур. Шу тариқа, кун охирига келиб, лот қиймати камида 270 фоизга ошиши мумкин. Соат 18:00 бўлиши билан фаол савдо тўхтатилмай, соат 21:00 гача худди шу тарзда давом эттирилиши мумкин. Бу ҳолда соат 21:00 гача охирги таклифни билдирган иштирокчи ғолиб деб топилади.

Тадбиркор аукционда ғо­либ бўлганини қандай билиши мумкин?

Аукцион якунлангач, унинг натижалари порталда эълон қилинади, шунингдек, аукцион ташкилотчиси унинг баённомасини тегишли ҳокимликка юборади. Ҳокимлик уч кун давомида ер участкасини ажратиш тўғрисида қарор чиқаради ҳамда уни ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг туман (шаҳар) филиалига жў­натади. У ерда участканинг кадастр ҳужжатлари белгиланган тартибда  расмийлаштирилади.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ

суҳбатлашди.