Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тадбиркор бўлиш истагини билдирган хотин-қизлар учун бизнес старт

Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошидаги тадбиркорлик маркази томонидан шу мавзуда ўқув-семинар ташкил этилди.

Самарқанд шаҳар хотин-қизлар қўмитаси, вилоят “Тадбиркор аёл” уюшмаси, Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Самарқанд шаҳрида яшовчи хотин-қизлар, бизнесини яқинда бошлаган тадбиркор аёллар иштирок этди.

Ўқув-семинарда хотин-қизлар тадбиркорлик марказининг асосий мақсад ва вазифаларидан бири хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, касбга йўналтириш, ҳунармандчилик, касаначилик ҳамда тадбиркорликка кенг жалб қилиш эканлиги, тадбиркорлигини бошлаш истагида бўлган опа-сингилларимизга тижорат банклари томонидан имтиёзли кредит олиш хуқуқини берувчи махсус сертификатлар берилиши алоҳида қайд этилди.

- Хотин-қизларимиз табиатан тадбиркор, - дейди вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошидаги тадбиркорлик маркази раҳбари Сайёра Салимова. - Тадбиркор сифатида тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, бизнесни бошламоқчи бўлган киши ёрдамга, маслаҳатга зарурат сезади. Бугунгидек ўқув-семинарлар опа-сингилларимиз учун айни муддао бўлади.

Тадбирда мамлакатимизда тадбиркорлик учун яратилган шароитлар, имтиёзлар ҳамда бизнесда йўналиш танлаш муҳимлиги ҳақида атрофлича сўз юритилди.

- Яқинда бизнесни бошладик, лекин муамоларимиз анчагина, - дейди тадбиркор Матлуба Омонова. - Асосан буюртмалар асосида кийим-кечаклар тикяпмиз. Бугунги тадбирда қийнаётган масалаларимизга ечим топдик.

Ўқув-семинар сўнггида йигирма нафарга яқин хотин-қизларга тадбиркорлик марказининг сертификатлари топширилди.

М.РАВШАНОВА.