Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тадбиркорлар учун алоҳида қонун қабул қилинади

Президентимизнинг мамлакат парламенти ва халқимизга Мурожаатномаси Янги Ўзбекистонда бошланган ва натижадорлиги муқаррар таъминланаётган ислоҳотлар сиёсати изчил стратегия асосига қурилганини яна бир бор исботлади. Бу борада тадбиркорларга яратилажак имкониятлар фикримизни яққол тасдиқлайди.

Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида “Пандемия даврида тадбиркорларнинг давлат билан тенгма-тенг ҳаракат қилгани яхши натижалар берди. Акс ҳолда кўпгина соҳалар оғир аҳволга тушиб, тўхтаб қолиши мумкин эди. Синовларга қарамасдан  ижобий ўсиш сақланиб қолди”, дея таъкидлади. Шу сабабли тадбиркорларга молиявий-хўжалик фаолияти билан боғлиқ текширишга мораторий яна бир йил муддатга узайтириш таклиф қилинди. Умуман, давлатимиз раҳбари илгари сурган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш масаласи, кодекс қабул қилинишига оид ташаббус кўпчиликнинг кўнглидаги гап бўлди.

Аҳамиятлиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ЎзЛиДеП фракцияси томонидан “Тадбиркорлик Кодексининг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳамда ҳуқуқий тартибга солишдаги аҳамияти” мавзуида давра суҳбати ва учрашувлар ташкил этилиб, такомиллаштириш, қонун ҳужжатларини тизимлаштириш ва ягона тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳуқуқий ҳужжат яратиш таклифи сайловолди дастуридан ўрин олган.

Мазкур ҳужжат барча давлат ва маҳаллий бошқарув органлари, тадбиркорлар билан биргаликда ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганган ҳолда ишлаб чиқилмоқда. Хусусан, Кодексда қуйидагиларни назарда тутиш таклиф этилмоқда:

- тадбиркорлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари;

- тадбиркорлик субъектларининг турлари ва шакллари;

- тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

- тадбиркорлик фаолиятининг асосий кафолатлари;

- фаолият турларини амалга ошириш учун рухсат бериш мезонлари ва ваколатли органлар;

- тадбиркорлик соҳасини давлат томонидан тартибга солиниши;

- рўйхатдан ўтказиш тизими;

- тадбиркорлик субъектлари устидан давлат назорати;

- тадбиркорлик фаолиятининг иқтисодий ва ижтимоий қоидалари;

- соғлом рақобат муҳитини шакллантириш;

- маҳсулот ва хизматлар сифати тизими;

- тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятдаги иштироки;

- тадбиркорлик фаолиятининг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ва имтиёзлар;

- тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ҳуқуқий ва иқтисодий муносабатлар тизими;

- тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тугатиш тартиби ва бошқа қатор вазифалар кўзда тутилган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномаси кучимизга куч қўшди, сайловчилар манфаатлари йўлида янги марралар сари илҳомлантирди.

Ғайрат АБДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.ф