Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тадбиркорлик фаолияти - Конституция ҳимоясида

Яшириб нима қилдик, сиёсий атамалар, ҳуқуқий терминлар ҳақида гап кетганда ўта расмий тилда фикр юритилади. Шу сабабли одамларимиз бу ҳақда гапирсанг энсалари қотиши ҳам бор гап.

Ваҳоланки, ҳуқуққа оид ҳар бир тушунча реал ҳаётимиз билан боғлиқ. Кундалик ҳаётимиз, туриш-турмушимиз муайян қоидаларга асосланади. Аммо аксарият кишиларнинг бу борада етарлича билим ва кўникмага эга эмаслиги сабабли кўпинча ҳаётда оғир вазиятларга тушиб қолади ёки кимнингдир ёрдамига муҳтож бўлади.

Хусусан, Конституция ҳақида ҳам шундай фикр билдириш мумкин. Барча қонун ва қоидаларга асос бўладиган бу ҳужжатнинг моҳияти ҳақида афсуски барча бирдек тушунчага эга эмас. Аслида Асосий қонунимиз жамият ҳаёти, шу жумладан, ҳар бир фуқаронинг турмуш тарзида муҳим аҳамиятга эга.

Бу ҳужжат ҳақида сўз юритишдан аввал “Конституция ўзи нима?” деган саволга жавоб бериш мақсадга мувофиқ. Лотинча “Constitution” – тузилиш, тузук сўзидан олинган Конституция давлатнинг Асосий қонуни деган маънони билдиради.

Тарихга назар солсак, узоқ ўтмишга эга давлатчилигимизда мустақилликкача ҳам мукаммал ҳуқуқий ҳужжатлар яратилганлигига гувоҳ бўламиз. Мисол учун, Амир Темур томонидан конституцион кодекслар жамланмаси яратилган. “Темур тузуклари”ни ўрганган машҳур рус шарқшунос олими Логофет юртимизда Европадан 500-600 йил аввал конституция яратилганини эътироф этган.

Умуман, шарқшунос олимлар “Темур тузуклари” конституциявий ҳужжат хусусиятига эга эканлигини таъкидлаб, Шарқ ва Осиё мамлакатлари цивилизациясига улкан ҳисса қўшганлигини қайд этишган.

Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилган санадан эътиборан дунё саҳнида янги, суверен давлат қарор топган бўлса, Конституциямиз қабул қилинган кун – 1992 йил 8 декабрда давлатимиз янгидан туғилди, мустақиллигимизга мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор қўйилди. Яъни, мустақил Ўзбекистоннинг Конституцияси янги мустақил жамиятнинг ишончли ҳуқуқий кафолатларини шакллантирди ва мустаҳкамлади.

Конституциянинг 53-моддасида, бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши, давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлаши белгиланган.

Конституция нормаларидан келиб чиқиб, ўтган давр мобайнида бу борада бир қанча қонун ва қонун ости ҳужжатлари қабул қилинди, уларни янада соддалаштириш мақсадида амалдаги қонунларга зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш жараёни ва улар фаолиятига рухсатномалар бериш тартиб-таомиллари қисқартирилиб, фаолият юритишнинг ҳуқуқий асослари анча соддалаштирилди. Буларнинг барчаси ишбилармонлар, инвесторлар ва халқаро молия институтларининг Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларга ишончи мустаҳкамланишига олиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 августдаги “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Ҳужжатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари, Қурилиш вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ва бошқа ваколатли давлат органлари раҳбарлари Конституциянинг хусусий мулкнинг дахлсизлиги, иқтисодий фаолият ва тадбиркорлик эркинлигини таъминлаш, тажовузлардан ҳимоя қилиш, хусусий мулкни сақлаш ва янада кўпайтириш учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш тўғрисидаги нормаларини сўзсиз ижро этиш ва уларга қатъий риоя қилиш бўйича шахсан жавобгар эканлиги тўғрисида огоҳлантирилди.

2019 йил 1 октябрдан бошлаб тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш ер участкалари республиканинг барча ҳудудларида фақат “E-IJRO AUKSION” савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали тақдим этилиши тартиби ҳам белгиланди.

Жисмоний ва юридик шахсларга “YERELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизимида аниқ инвестиция мажбуриятлари билан бирга ер участкаси ва режалаштирилаётган қурилиш майдончаси тўғрисидаги маълумотларни кейинчалик уларни электрон онлайн-аукционга қўйиш масаласини белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун жойлаштириш тўғрисида таклифлар киритиш ҳуқуқи берилди.

Айни вақтда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базасини ва тартибга солиш жараёнларини такомиллаштиришга, қулай бизнес муҳитини, халқаро майдонда мамлакатнинг ижобий нуфузини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Амалга оширилаётган бу ислоҳотлар, кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, ҳуқуқий демократик давлат, адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида эришаётган барча ютуқларимиз ҳамда халқимиз турмуш фаровонлиги ортиб бораётганлиги замирида Конституциямизда белгилаб берилган қоида ва ҳақ-ҳуқуқларнинг ўрни беқиёс.

Нурия НОРМАТОВА,

Самарқанд вилояти ҳокимлиги юридик хизмати раҳбари.