Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Таҳлил: Жамият тараққиёти ҳам, иқтисодий юксалиш ҳам таълим ривожига боғлиқ

Яқинда ижтимоий тармоқда Исломобод университети профессори Фаррух Салимнинг ислом олами ва бошқа диндаги халқларнинг таълим соҳасидаги аҳволининг қиёсий таҳлили эълон қилинди. Шунга асосланиб, бу борадаги айрим фикрларимиз билан ўртоқлашмоқчимиз.

Бугунги кунда дунёда мусулмонлар 1 млрд. 476 млн. 250 кишини ташкил қилмоқда. Уларнинг 1 миллиарди (67,7 фоиз) Осиёда, 400 миллиони (27,1 фоиз) Африкада, 44 миллиони (3 фоиз) Европада, 6 миллиони (0,4 фоиз) Америкада. Қолган 26 минг 250 мингтаси (1,8 фоиз) бошқа ҳудудларда яшайди. Кўриниб турибдики, мусулмонлар асосан Осиёда яшайди. Аслида тарихда ҳам шундай бўлган.

Бугунги кунда дунё аҳолисининг ҳар 5 тадан 1 нафари мусулмон. Ҳар бир будда сиғинувчисига 2 нафар, ҳар бир ҳиндуга ҳам 2 нафар, ҳар бир яҳудийга 100 нафар мусулмон тўғри келади. Ушбу маълумотлардан ҳам кўриниб турибдики, дунё миқёсида ҳар бешта йирик ихтиродан биттаси мусулмонларга тўғри келиши керак. Аммо аҳвол бу кўрсаткичга яқинлашмаяётганлиги ачинарли ҳол. Бунга асосан таълимдаги камчиликлар сабаб бўлмоқда. Бир пайтлар дунё тамаддуни бешигини тебратган мусулмонлар кейинги асрларда таълим соҳасида анча пасайиб кетди. 

Халқаро Ислом Ҳамкорлик ташкилотига 57 та давлат аъзо бўлиб, уларда 500 та университет мавжуд экан. Бу дегани ҳар уч миллион мусулмонга битта университет тўғри келишини (1476250/500 = 2952,5 минг) билдиради. Ушбу кўрсаткич бошқа давлатларда 4-5 баробар юқори. Масалан, АҚШда 5578 та университет бор. Бу ерда ҳар 57 минг аҳолига битта университет тўғри келади. Мамлакатимизда бугунги кунда битта олий ўқув юртига 330 минг аҳоли тўғри келади. Бундан уч йил муқаддам ушбу кўрсаткич 550 мингтани ташкил қилар эди. Бу борада ривожланган мамлакатлардан 5-6 марта орқадамиз. Президентимиз таълим соҳаси бўйича ривожланган мамлакатлар сафига киришимиз лозимлигини бир неча бор таъкидлаб келмоқда. Шундай экан, мазкур соҳада ислоҳотларни тезлаштириш лозим.

Дунё рейтинги бўйича 500 та илғор университетнинг ҳаммаси христиан ва бошқа диндаги давлатлар университетлари, буларнинг таркибига профессор Фаррух Салимнинг маълумоти бўйича, бирорта ҳам мусулмон мамлакатлари ОТМлари кирмаган.

Аҳолиси христианлардан иборат давлатларда ўртача саводхонлик даражаси 90 фоизни ташкил қилар экан. Мусулмон давлатларда ушбу кўрсаткич ўртача 40 фоизга тенг, холос. Аҳолиси фақат христианлардан иборат бўлган 15 та давлатда саводхонлик даражаси 100 фоизни ташкил қилади. Аҳолиси асосан мусулмонлардан иборат бўлган давлатларнинг бирортаси 100 фоизлик саводхонлик даражасига эга бўлгани йўқ. Мусулмон мамлакатларида, хусусан, Покистоннинг экспорти таркибида юқори технологияга асосланган товарларнинг улуши 1 фоизни ташкил қилади. Саудия Арабистони, Марокаш, Қувайт, Жазоир, Марокко каби мамлакатларда бу кўрсаткичнинг миқдори 0,3 фоиз. Яна шуни қайд этиш жоизки, асосий мусулмон мамлакатларида экспортнинг 60-65 фоизи қишлоқ хўжалик маҳсулотлари бўлса, аҳолиси христиан бўлган давлатларда худди шундай ҳажмни саноат маҳсулотлари ташкил қилади.

Аҳолиси христианлардан иборат давлатларда 98 фоиз аҳоли ўрта мактабни тугатади, мусулмон мамлакатларида бу кўрсаткич 50 фоиз. Аҳолиси христиан давлатларда мактабни битирганларнинг 40 фоизи олий ўқув юртларида ўқийди. Мусулмон давлатларда бу кўрсаткич бор-йўғи 2 фоизни ташкил қилади.

Натижада ҳар 1 миллион аҳолига тўғри келадиган олимларни ҳам қиёслаш мумкин. Ҳозир дунё миқёсида 1 миллион аҳолига 230 нафар олим тўғри келади. Бу кўрсаткич АҚШда 4000, Японияда 5000 нафар.

Ғарб давлатларида мамлакат ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизи таълимга сарфланади. Мусулмон мамлакатларида бу кўрсаткич атиги 2 фоиз.

Аҳоли жон бошига китобларни нашр қилиш бўйича ҳам мусулмон мамлакатлар орқада. Буюк Британия аҳолиси 65 миллион киши. Бир йилда 173 мингта янги китоб нашр қилинади. 1 млн. аҳолига 2,7 мингта (173 минг/65 млн.) китоб тўғри келади. АҚШда бир йилда 339 минг турдаги китоблар нашр қилинади. Унинг аҳолиси 330 млн. кишини ташкил қилади. 1 млн. аҳолига 1027 та китоб (339 минг/330 минг) нашр қилинади. Мисрда эса ушбу кўрсаткич бор-йўғи 20 та.

Бизда ушбу маълумотлар эълон қилинмаган, аммо аҳвол Мисрга нисбатан мантиқий нуқтаи назардан анча яхши. Бироқ, ривожланган мамлакатларга нисбатан ҳали анча орқадамиз. Бу рақам билимни ишлаб чиқариш ва уни аҳолига тарқатиш бўйича ҳали қилинадиган ишларимиз анча кўплигидан далолат. Жуда кўп китобларимиз 100 нусхада чоп қилинади. Бу ҳам муаллиф ҳисобидан амалга оширилади. 34 миллионлик аҳолига бўлсак 340 минг кишига битта китоб тўғри келади. Бу билан қандай қилиб билимни одамларимиз онгига сингдириш мумкин. Бундан ташқари, энг кўп китоб чиқарадиган мамлакатдан 20 таси рўйхати эълон қилинди. Табиийки, ушбу рўйхатда Ўзбекистон йўқ.

Қўшни бўлган Қозоғистон аҳолиси 2019 йил маълумоти бўйича 18,5 млн. кишини ташкил қилади. Бир йиллик ЯИМнинг ҳажми 175 млрд. АҚШ долларини ташкил қилади. Аҳоли жон бошига 9,5 минг АҚШ доллари (175,0/18,5) тўғри келади. Ўзбекистонда бу кўрсаткич бироз кам. Қозоғистонда илмий даражаси бор олимлар сони 16 минг кишини ташкил қилади. 1156 аҳолига битта олим (18,5 млн. киши/16 минг.) тўғри келади. Ушбу мамлакатда жами 129 та олий ўқув юрти мавжуд, уларнинг 2/3 қисми хусусий олий ўқув юртларидан иборат. Бир миллион аҳолига 6 та олий ўқув юрти (129/18,5 млн.) ёки ҳар бир олий ўқув юртига 143,4 минг аҳоли (18,5/129) тўғри келади. Бу борада ҳам биз ҳозирча қўшнимиз - Қозоғистондан 2 баробар орқадамиз.

Одамларимиз ҳам ҳозир китобни жуда кам ўқийдиган бўлиб қолган. Чунки ҳаммани ижтимоий тармоқдаги ахборотлар банд қилиб ташлади. Бежиз Президентимиз 5 ташаббуснинг бирида китобхонликни ривожлантириш масаласини қўйган эмас. Билимни китобсиз эгаллаб бўлмайди, билимсиз бирорта технологияни янгилаб, тараққиётга янги технологиясиз эришиб бўлмайди. Аҳолининг фаровонлигини эса тараққиётсиз таъминлаш мушкул. Аҳоли фаровон бўлмаса, унинг яшаш даражаси ва сифатини оширишнинг асло имкони йўқ. Агар буларга эришмасангиз, аҳоли давлатдан, ҳатто ўзининг ҳаётидан ҳам рози бўлмайди. Розилик бўлмаган жойда муваффақиятга эришиб бўлмайди. Муваффақият йўқ жойда миллат, халқ таназзулга юз тутади. Бундай шароитда яшашнинг ўзи мураккаблашиб қолади.

Илм юксак ривожланган жойда мамлакатнинг иқтисодий қудрати ҳам юқори бўлади. Халқаро Ислом Ҳамкорлик ташкилотининг маълумотларига назар ташласак, кўп нарса аён бўлади. Ушбу ташкилот таркибига 57 та мамлакат кирар экан. Уларнинг бир йиллик ЯИМ ҳажми 3 триллион АҚШ долларини ташкил қилади. Бу аҳоли жон бошига 2032,2 АҚШ долларидан (3 трлн. АҚШ доллари/1476250) тўғри келади. АҚШда бир йилда 19 триллион АҚШ доллари ҳажмида ЯИМ ишлаб чиқарилади. Аҳолининг сони 2018 йил маълумоти бўйича 330 млн. кишини ташкил қилади. Бунда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМнинг миқдори 57,6 минг АҚШ долларига (19 триллион АҚШ доллари/330 млн киши) тенгдир. Хитойда 1 млрд. 430 млн. аҳоли яшайди. Мамлакат ЯИМ ҳажми 2018 йилда 13,6 триллион АҚШ долларини ташкил қилган. Бу аҳоли жон бошига 9,5 минг АҚШ долларига (13,6 триллион АҚШ доллари/1430 млн.) тенг дегани.

Халқаро Ислом Ҳамкорлик ташкилоти таркибига 57 та мамлакатнинг бир йилда ишлаб чиқарган ЯИМ ҳажми 3 триллион АҚШ долларини ташкил қилган бир паллада биргина Германиянинг бир йиллик ЯИМ 3,5 триллион АҚШ долларига тенглигини кўрамиз. Бу нимадан далолат? Бу - ҳозирги пайтда мусулмон мамлакатларида замонавий илм-фан орқада қолиб кетганлигидан далолат. Шу туфайли бу ерда ЯИМ асосан қўл меҳнати ва механизациялашган меҳнат билан яратилади, холос.

Мамаюнус Пардаев,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори.

Севара Бобоназарова, институт катта ўқитувчиси.