Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Талабанинг билим савияси ўқитувчи фаолиятини баҳолаш мезони бўлиши керак

Халқаро пресс клуб томонидан июнь ойи давомида юртимиз ҳудудларида, 26 июнь куни пойтахтимизда олий таълим сифатини ошириш, тизимдаги муаммоларга бағишланган бир қатор кўрсатувлар тайёрланди.

Ушбу тадбирларда олий ўқув юртлари ректорлари, профессор-ўқитувчилар, талабалар ва ота-оналар ўз фикрларини билдирди. Якуний сессияда эса Президент маслаҳатчиси, Бош вазир ўринбосари, вазирлар ва бошқа масъуллар иштирокида масала муҳокама этилди.

Мазкур сессия чоғида Самарқанд давлат университети ректори, профессор Рустам Холмуродов билдирган фикрлар эътиборимни тортди.

Ректор қайд этганидек, талабани мустақил билим олишга ундайдиган механизм яратилиши керак. Бу дегани имтиҳон тизими мустақил, адолатли ва шаффоф бўлиши лозим. Ўқитувчи бераётган вазифа ва топшириқлар билан талаба кутубхонага, интернетга мурожаат қилиши, билим излайдиган даражага келиши керак, яъни талабани фаоллаштириш зарур.

Олий таълим тизимида малакали мутахасис тайёрлашнинг энг муҳим тамойилларидан бири, албатта, талаба ўз устида мустақил ишлаши ҳисобланади. Агар талаба ўз устида мустақил ишламаса етарлича билимни эгаллай олмайди. Билимсиз талаба ўз навбатида ўқитувчидан талаб қилмайди, бу ҳолат эса ўқитувчини ўз устида ишламаслигига сабаб бўлмоқда.

Бугун олий таълим тизимида тўпланиб қолган муаммолар кўп йиллар давомида, янаям аниқроқ айтсак, ўтган асрнинг 80-йилларидан бошланган. Ўз устида ишламайдиган, янги билимлар бера олмайдиган ўқитувчилар қатлами пайдо бўлганлиги, айни ҳақиқат, бундан кўз юмиб бўлмайди.

Америка, Европа давлатларининг нуфузли олий таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилар фаолиятини баҳолаш тизими улар билан меҳнат шартномасини бекор қилиниши мумкин бўлган жараёнга асосланган. Масалан, 2019 йил 17-22 июнь кунлари Ўзбекистонда илмий сафарда бўлган, АҚШ Мичиган университети Европа, Россия ва Евроосиё тадқиқотлари Маркази директори профессори Норман Грахам Америка олий таълим тизими ҳақида, шунингдек, профессор-ўқитувчиларнинг ўқув ва илмий фаолиятлари, дарс бериш маҳоратлари ва талабаларнинг дарсни ўзлаштириш самарадорлигига таъсир қиладиган омиллар тўғрисида гапириб, талабанинг ўзлаштириш даражаси, ўқитувчи фаолиятини баҳолаш мезони бўлиши, энг муҳим кўрсаткич эканлигини таъкидлади. Бизда ҳам ана шундай тизимни жорий этиш керак.

Талабанинг ўзлаштириш даражаси ўқитувчи фаолиятини баҳолаш мезони бўлмас экан, биз олий таълим сифатини оширишга эришишимиз қийин бўлади.   - Бу масалада, шартнома тизимини жорий этиш керак, - деб таклиф билдирди Р.Холмуродов. – Ўқитувчини бир йилга ишга оламанми, уч йилгами, у билиши лозим – йил якуни бўйича ёки уч йилдан сўнг фаолияти сарҳисоб қилинади ва талабга жавоб бермаса, ишдан бўшатилади. Ана шунда ўқитувчида талабанинг билим олишидан манфаатдорлигини ҳис қилиш кўникмаси шаклланади.

Билимсиз, ўз устида ишламайдиган, талабани адолатли баҳоламайдиган ўқитувчи билан шартномани бекор қилиш тизими, яхши натижа беришини дунё тажрибаси исботлаб турибди.