Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Таълим тизимига хориж «хамиртуруш»и зарур

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 11 январь куни вилоятимизга ташрифи чоғида берилган топшириқлар ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси баёнига кўра, 2019-2020 ўқув йилидан Самарқанд давлат университетида "Хал­қаро таълим дастурлари" маркази фаолият бошлайди. Бу ерда жаҳоннинг нуфузли олий таълим даргоҳлари билан биргаликда кадрлар тайёрланади. Шу билан бирга, Самарқанд давлат университети ҳамкор хорижий университетларнинг таълим услубияти ва илғор педагогик технологияларини юртимиздаги олий таълим муассасаларига жорий қилиш бўйича методик ёрдам кўрсатади.

Самарқанд давлат университети ректори, техника фанлари доктори, профессор Рустам ХОЛМУРОДОВ мазкур жараёнлар, таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Шу пайтгача юртимиз таълим тизимида тўпланиб қолган муаммолар, юзага келган вазиятдан соҳа вакили сифатида юрагим оғрийди. Негаки, собиқ иттифоқ даврида таълим тизими ўша тузум мафкураси, сиёсати билан боғлиқ бўлди. Мустақилликка эришганимиздан кейин ҳам соҳа фаолиятини замон талаблари даражасида ривожлантиришга эътибор қаратдик, ислоҳотлар олиб бордик. Аммо кутилган натижага эриша олмадик. Соҳа ходимларининг ҳам, халқимизнинг ҳам дунёқарашини, илмга муносабатини ўзгартириш оғир кечди. Илм-фан жамият, иқтисодиёт билан муштарак бўлмади.

Кейинги 30-40 йилда жадал ривожланган ёки ривожланаётган давлатлардаги ислоҳотлар жараёни, улар босиб ўтган йўлга назар солинг, барчасида илм, таълим тизими биринчи ўринга қўйилган. Ёшларнинг таълим-тарбиясига, етук мутахассис кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилган. Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Сингапур, Исроил, Европадаги Скандинавия давлатларининг яқин тарихи билан танишинг, бунга ўзингиз амин бўласиз. Япония­нинг Иккинчи жаҳон урушидан ке­йинги асосий эътибори ёшлар таълим-тарбиясига қаратилган, илм-фанни ривожлантириш орқали тараққиётни кўзлаган.

Шу жиҳатдан Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатидаги фаолиятини, аввало, таълим-тарбияга, илмга эътибор қаратишдан бошлагани ниҳоятда тўғри ва адолатли сиёсатдир.

Тан олишимиз керак, шу пайтгача биз таълимга эътибор қаратдик лекин мактабгача таълим тизимини унутдик. Шаҳарларни ҳисобга олмаганда, қишлоқларимизда боғчалар деярли фаолият кўрсатмади. Ваҳоланки, юртимиз аҳолисининг кўпчилиги қишлоқларда истиқомат қилади.

Мактаб таълимини ривожлантириш бўйича дастурлар қабул қилинди, тизим фаолияти такомиллашди. Аммо таълим тизимида мактабнинг ўрни сезилмади, муаллимнинг мав­қеи йўқолди. Натижада олий таълимга ана шу заиф бўғинлардан билим ва дунёқараши ўзига яраша бўлган ёшлар кириб келди. Олий ўқув юртлари ҳам улар даражасига мослашди. Охир-оқибат, жамиятга ўз соҳаси бўйича замонавий илмлардан бехабар, дипломи бору мутахассислик кўникмасига эга бўлмаган кадрлар кириб келди.

Фан тараққиёти ишлаб чиқаришга, иқтисодиётга хизмат қилмади. Европа ва бошқа давлатлардаги сингари илм тижоратлашмади. Илм-фан ўзича, иқтисодиёт ўзича ривожланди. Мутахассис диссертация ёқлайди, фан номзоди, доктор бўлади. Лекин бундан жамият наф кўрмади. Масалан, Исроил, Хитой, Жанубий Корея ва бошқа давлатларда илм-фан тараққиёти туфайли қишлоқ хўжалиги ривожланди. Соҳага янги, илғор технологиялар жалб этилди. Ердан самарали фойдаланиш имкониятлари кенгайди.

Бизда-чи? Ҳамон ўтган асрдаги ҳосилдорлик даражаси, ўша пайтдаги техника ва технология. Соҳага замонавий ёндашувни, янги технология ва усулларни хориждан ўрганамиз. Ваҳоланки, қишлоқ хўжалигида биздагидек табиий шароит, имконият, тупроқ ва иқлим бошқа жойда йўқ. Агар шу бой имкониятларимиздан фойдаланишга илмий ёндашсак, ақл билан иш тутиб ҳаракат қилсак, бизнинг олдимизга тушадигани бўлмайди.

Мана, нима учун Президентимиз ишни таълимга эътибор қаратишдан, Фанлар академиясининг мақомини оширишдан, илм эгаларини қадрлашдан бошлади. Ҳеч шубҳасиз, олдимизга қўйган барча мақсад-муддаоларимизга эришиш, режаларимизнинг амалга ошиши илмга, таълим-тарбияга эътиборимизга боғлиқ.

Бугун мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар моҳияти ҳам шунда. Албатта, бу жараён қисқа фурсатда, осон кечмайди, йиллар давомида шаклланади. Одамларнинг тафаккурини ўзгартириш, таълимни янгилаш узоқ вақт талаб этади. Лекин қанча эрта ҳаракат қилсак, шунча барвақт бунинг самарасини кўрамиз.

Шу сабабли бугун Президентимиз хорижий давлатларнинг бу борада босиб ўтган йўлига назар солиб, тажрибаларини ўрганишни, хатоларини такрорламасликни олдимизга вазифа қилиб қўймоқда. Таълим тизими такомиллашган, илм-фан ривожланган давлатлардан ўрганиш, улар билан ҳамкорлик қилиш фақат фойда келтиради. Бундан тортинмаслигимиз керак. Давлатимиз катта-катта маблағ сарфлаб, ёшларни хорижга ўқишга, малака оширишга бежиз юбормаяпти ёки чет элдаги олий таълим муассасаларининг юртимизда филиалларини очишга эътибор қаратмаяпти, қўшма диплом лойи­ҳалари амалга оширилмаяпти. Буларнинг барчаси замирида мамлакатимизда тарихан қарор топган илмий мактабларни қайта тиклаш, юксак интеллектуал салоҳиятли ёш­ларни тарбиялаш ва энг муҳими, шу орқали иқтисодиётни, халқ фаровонлигини ошириш мақсади мужассам.

Ҳамон эсимда. Болалигимизда бувим тандирга нон ёпарди. Бир куни қўшнимиздан хамиртуруш олиб келишимни айтди. Ўзимизда бор-ку, нега шуни ишлатмайсиз, деб сўрадим. Бувим эса "Бу хамиртуруш билан бир неча марта хамир қордим. Энди бошқа хамиртуруш қўшиб, янгилаб олишимиз керак, бўлмаса, нонимиз ўхшамайди", деди.

Бу гапнинг маънисини ўша пайтда тушунмаган бўлсам-да, кейинчалик англаб етдим. Айни чоғда таълим тизимимизда хориж тажрибасини қўллаётганимиз ҳам хамиртурушни янгилашдек гап. Бусиз ривожланишни, ўзгаришларни тасаввур қилиш қийин.

Самарқанд давлат университетида ҳам бугунги кунда ушбу йўналишда бир қатор дастурлар асосида иш олиб борилмоқда. Айни пайтда дунё­нинг турли минтақаларидаги 62 олий ўқув юрти билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Кейинги йилларда улар билан алоқалар яқинлашиб, ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳалар ишлаб чиқилди.

Жумладан, Жанубий Кореядаги университетлар билан мактабгача таълим ва замонавий ахборот технологиялари бўйича, Хитой билан робототехника йўналишида, Франция университетлари билан психология, ўсимликшунослик бўйича, Исроилдаги олий таълим муассасалари билан саноат математикаси, замонавий технологиялар соҳасида, Ҳиндистон билан доривор ўсимликлар етиштириш ва замонавий лаборатория ташкил этиш бўйича ҳамкорликда иш олиб боряпмиз. Бу давлатларда бизнинг талабаларимиз, илмий ходимларимиз ўқиб, мутахассислик бўйича билим олади, малака оширади. Талабалар таълимнинг икки йилини ўзимизда ўқиб, хорижий тилларни ўрганиб, сўнгра икки йил хорижда ихтисослик фанлари бўйича таҳсил олади. Эртага юртимизга етук мутахассис бўлиб келади, илм-фан, иқтисодиёт ривожига ҳисса қўшади.

Президентимиз Хитой Халқ Республикасига ташрифи чоғида Самар­қанд шаҳрида Конфуций майдони ташкил этилиши ва Хитой билан ҳамкорликда илм-фан соҳасида ҳамкорлик йўлга қўйилиши, кадрлар тайёрлаш бўйича ташаббусни илгари сурган эди.

Ана шу ташаббус асосида университетимизнинг 9 қаватли биноси олдидаги катта майдонда Конфуций ҳайкали ўрнатилиб, Хитой архитектураси асосида кўркам хиёбон ташкил этилди. Бинода эса Хитой, Ҳиндистон, Япония, Жанубий Корея, Сингапур, Россия, Европа Иттифоқи мамлакатлари ва бошқа давлатлар билан ҳамкорликда "Халқаро таълим дастурлари" маркази фаолияти йўлга қўйилади. Бинонинг ҳар бир қавати, қайси давлат олий таълим муассасаси учун ажратилганига қараб, уларнинг миллий анъаналари ва муҳитига мос тарзда жиҳозланмоқда. 2019-2020 ўқув йилидан бу ерда хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш бошланади.

Президентимиз шу йил 11 январь куни Самарқандга ташрифи чоғида Конфуций майдони ва "Халқаро таълим дастурлари" маркази билан танишиб, уларнинг архитектуравий ечимини янада такомиллаштириш, илмий ходимлар ва талабалар учун барча шароитларни яратиш юзасидан тавсияларини берди.

Қаранг, давлатимиз ёшларнинг илм олиши, замонавий фан ва мутахассисликларни пухта эгаллаши учун нимаики зарур бўлса, ҳаммасини муҳайё қилмоқда. Энди илм билан шуғулланаётган педагог ва тадқиқотчилар, талаба-ёшлар ва ота-оналарнинг ҳам дунёқарашини, таълим-тарбияга муносабатини ўзгартириш керак. Қарс икки қўлдан чиқади, ахир.

Ёшларнинг пухта билим олиши, танлаган соҳасининг етук мутахассиси бўлишидан, аввало, унинг ўзи, ота-онаси, устози ва ундан кейин бутун жамият манфаатдор эканини халқимиз тушуниб етиши керак. Менга кутубхонада ишловчи ходимларимиз талабаларга жой етишмаяпти, талабалар турар жойига масъуллар кечаси анча вақтгача хоналарда чироқ ўчирилмаяпти, деб "шикоят" қилса жуда ёқади. Кейинги пайтда ана шундай гапларни кўп эшитяпман ва бундан хурсанд бўламан. Демак, талабаларнинг ўқишга муносабати ўзгаряпти, иштиёқи ошмоқда. Улар учун барча шароит яратиб беришга биз ўзимизни бурчли деб биламиз ва бу ишни жон деб бажарамиз.

Ота-оналар ҳам боладан диплом эмас, билим сўраши керак. Улар эртага фарзандини ишга жойлаштириш ташвиши билан юрмасин. Яхши мутахассисни иш берувчининг ўзи излаб топади. Шундай пайт жуда яқин. Бу жараён бошланди.

Шу ўринда ота-оналарга бир ўтинчим бор. Бу йил мамлакатимиз иқтисодиётига инвестиция киритишда янги давр бошланиши шубҳасиз. Давлатимиз раҳбари, тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар бу масалага алоҳида эътибор қаратмоқда. Лекин инвестиция билан ҳар бир оила, ҳар бир юртдошимиз шуғулланиши лозим. Оиладаги ин­вестиция фарзандларга, уларнинг таълим-тарбиясига киритилиши зарур. Дабдабали тўйларга сарфлайдиган маблағимизни фарзандларимизнинг яхши яшаши, замонавий илмларни ўрганиши, етук мутахассис бўлиши учун сарфлайлик. Бу инвестиция келажакда ўзимизга, юртимизга ўн карра, юз карра зиёд бўлиб қайтади.

Fолиб ҲАСАНОВ ёзиб олди.