Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Таниқли актёр ва режиссёр Армен Жигарханян энди фақат киноларда яшайди

СССР халқ артисти Армен Жигарханян 86 ёшида вафот этди. Бу ҳақда артистнинг дўсти Артур Согомонян хабарига асосланиб "Интерфакс" маълум қилди.

Кейинги йилларда Жигарханян тез-тез бетоб бўлган. Шу йил июнь ойида у инсульт билан касалхонага ётқизилган эди. Ўшанда унинг собиқ рафиқаси Виталина Цимбалюк-Романовскаянинг таъкидлашича, изоляция даврида кам ҳаракат туфайли актёрнинг аҳволи оғирлашган.

Армен Жигарханян 1996 йилдан бери Москва драма театрининг президенти ва бадиий раҳбари бўлиб келди.

Бетакрор истеъдод соҳиби юзлаб кинофильмларда томошабинлар эътиборини қозонган ролларни ижро этди. Жумладан, «Қўлга тушмас қасоскорлар» фильмида штабс-капитан, "Учрашув жойини ўзгартириш мумкин эмас" фильмида Карп букри, шунингдек, «Охурдаги ит», «Бандитли Петербург», «Деребасовда яхши об-ҳаво», «Клим Самгин ҳаёти» каби кинофильмлардаги ижроси Армен Жигарханянни дунёга танитди.

Актёр спектаклларда ҳам ёрқин ролларни маҳорат билан ижро этди, ўзининг такрорланмас овози билан дубляжда қатнашди.

Гулнора Холдорова тайёрлади.