Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Танловда ноҳақликка йўл қўйилганини исботлаш керак

Яқинда интернетдаги Facebook ижтимоий тармоғида бу йилги Зулфия номидаги давлат мукофоти учун танловларни ўтказиш жараёнида Тошкент шаҳрида ноҳақликларга йўл қўйилди, деган мазмундаги видео мурожаат ҳамда матнли хабарлар тарқалди.

Хўш, бу иддаолар қанчалик асосли? Келинг, шу ўринда Тошкент шаҳрида ўтказилган бу галги танлов ҳақидаги айрим маълумотларга эътибор қаратайлик.

Тошкент шаҳри туманларида Зулфия номидаги давлат мукофотининг 2020 йилги совриндорларини аниқлаш учун танловлар ўтган йилнинг сентябрь ойида бошланган эди. Мазкур танловларда пойтахтимиздаги умумтаълим мактаблари, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларида таълим олаётган жами 4 минг 526 нафар иқтидорли қизлар иштирок этди.

Белгиланган шартлар асосида улар орасидан саралаб олинган 402 нафар иштирокчи танловнинг туман босқичларида қатнашиш имкониятини қўлга киритди. Танлов низомига асосан ташкил этилган комиссиялар томонидан ана шу қизларимизнинг билими, интеллектуал ва ижодкорлик салоҳияти холис ва атрофлича синовдан ўтказилиб, энг юқори баҳога сазовор бўлган 76 нафар иштирокчи шаҳар босқичига йўл олди.

Танловнинг Тошкент шаҳар босқичи 7 та йўналиш бўйича икки босқичда ўтказилди. Жумладан, ўтган йилнинг 18 ноябрь куни Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида биринчи босқич фан, таълим, адабиёт ва жамоатчилик йўналишлари бўйича ташкил этилди.

Орадан бир кун ўтиб, 19 ноябрь куни санъат, маданият ва спорт йўналишлари бўйича танловнинг иккинчи босқичи Ўзбек миллий академик драма театрида ўтказилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, кейинги йилларда Зулфия номидаги давлат мукофоти учун танловларни холислик ва адолат тамойилларига қатъий риоя қилган ҳолда, очиқ ва шаффоф тарзда ўтказишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Даъвогарлар орасидан энг муносиб номзодларни саралаб олиш мақсадида турли соҳалар бўйича катта билим ва малакага эга бўлган обрўли мутахассислар ҳакамлар ҳайъати таркибига жалб этилмоқда. Танловнинг Тошкент шаҳар комиссиясига киритилган нуфузли ҳайъат аъзолари 7 та йўналиш бўйича иштирокчиларнинг билим ва салоҳиятини жиддий синовдан ўтказди.

Барча синов ва имтиҳонлар танлов низомида белгиланган талабларга қатъий амал қилинган ҳолда ўтказилиб, номзодларнинг билим ва салоҳияти 7 та мезон асосида 10 баллик тизим бўйича баҳолаб борилди.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, танловнинг туман ва шаҳар босқичлари номзодларнинг ота-оналари ва устозлари иштирокида ўтказилди. Ушбу жараёнларда барча номзодлар ўз тенгдошларининг чиқишларини кўриб, кузатиб борди. Шаҳар комиссиясининг хулосасига кўра, 7 та йўналиш бўйича энг юқори балларни тўплашга эришган 21 нафар номзод республика босқичида қатнашиш учун тавсия этилди.

Бу жараёнга оид ҳужжатлар мазкур танловнинг Тошкент шаҳар комиссиясида сақланмоқда, зарурат туғилганда уларни ўрганиб чиқиш учун тегишли ишчи гуруҳларга тақдим этиш мумкин.

Facebook ижтимоий тармоғида бу мавзуда тарқатилган видео мурожаат ҳамда матнли хабарда бу борада ноҳақлик ва коррупцияга йўл қўйилганини кўрсатадиган бирорта далил ёки исбот мавжуд эмас.

Д.НАЖМУТДИНОВА,

Зулфия номидаги давлат мукофотининг Тошкент шаҳар комиссияси раиси.