Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ТАТУ Самарқанд филиалида кадрлар тайёрлаш сифати қандай?

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ТАТУ Самарқанд филиалида асосий штатда жами 102 нафар профессор-ўқитувчи, шундан 4 нафар (3,9 фоиз) фан доктори, 27 нафар (26,4 фоиз) фан номзодлари, 71 нафар (69,6 фоиз) илмий даражасиз ўқитувчилар фаолият олиб бормоқда.

Университетнинг профессор-ўқитувчиларидан 1 нафари 2018 йилда дунёнинг нуфузли 1000 талигига кирувчи хорижий олий таълим муассасаларнинг PhD ёки DSc илмий даражасини олган. Бирорта ўқитувчи нуфузли хорижий олий таълим муассасасига бориб ўқув машғулотлар ўтказмаган.

Шунингдек, 2018 йилда 4 (2017 - 1) та диссертация ҳимоя қилинган. Университет профессор-ўқитувчилари нуфузли хорижий журналларда 2 та, илмий журналларда 4,2 та мақола чоп эттирган.

2018 йилда дарслик ва ўқув қўлланма нашр қилинмаган.

Соҳалар буюртмалари асосида 166 млн. 30 минг сўмлик тадқиқотлар амалга оширилган.

Ахборот коммуникация технологияларига оид дастурлар ва электрон базалар учун 10 та гувоҳнома олинган.

2018 йилда университет ўқув жараёнига 1 нафар хорижий ўқитувчи жалб этилган, хорижий давлатлардан келиб таҳсил олаётган талабалар йўқ.

Шунингдек, профессор-ўқитувчилар илмий ёки таълим лойиҳасида, халқаро конференция ёки семинарларда иштирок этмаган.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан Олий таълим муассасаси битирувчиларига нисбатан иш берувчилар учун ташкил этилган сўровнома натижаларига кўра, 29,6 фоиз иш берувчи битирувчиларнинг билим даражаси ва амалий кўникмаси “қониқарли” деб баҳолаган.

Битирувчиларнинг келгусида ўсиш имкониятларига 25,9 фоиз иш берувчи ижобий баҳо берган.

Олий таълим муассасасининг иш берувчилар билан ҳамкорлик даражасига 44,4 фоиз иш берувчи ижобий баҳо берган.

Фақат 11 фоиз иш берувчи келгусида ушбу олий таълим муассасаси битирувчиларини ишга қабул қилмаслигини билдиришган.