Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Терговчига пора таклиф қилган шахс ушланди

Кеча, 3 февраль куни Касби тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси ходими туман ИИБ бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилган. Унда ўзининг иш юритувида Касби тумани Хўжаҳайрон маҳалласида яшовчи 34 ёшли фуқаро С.Х.нинг уйида қўлбола усулда ясалган жувоз ускунасини ўрнатиб, пахта чигитидан ёғ ва шрот еми ишлаб чиқараётганлиги ҳолати юзасидан терговга қадар текширув ҳужжатлари борлигини, текширув жараёнида С.Х. ундан ўзига нисбатан қонуний чора кўрмаслик ва жиноят иши қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилишини сўраб, эвазига жами 6 миллион сўм миқдорида пора таклиф қилаётганлигини билдириб, С.Х.га нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Билдиргига асосан кеча соат 21:35 да ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро С.Х. пора сифатида таклиф қилган жами 7,5 миллион сўм ва 200 АҚШ долларини ходимнинг хизмат хонасида унга бераётган вақтида далилий ашё билан ушланган ва пуллар тегишли тартибда расмийлаштирилиб олинган.

Тергов департаменти матбуот хизмати хабарига кўра, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Касби тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.