Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Тест марказига ишга ўтган” аёл танишларини чув туширди

Халқимизда бир мақол бор: “Синалмаган отнинг сиртидан ўтма”, дейишган. Соддадил, кўнглида кири йўқ, аммо ўз кучига ишонмай иккиланаётган кишилар фирибгарлар қўлига тушиб қолса, ота-боболаримиз донолигига яна бир бор тан беради, деб ёзмоқда “Адолат сари” газетаси. 

Нодира асли Тошкент шаҳридан. Мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди. Анзират самарқандлик. Улар икки-уч йил аввал шифохонада даволанаётганда танишиб қолишган эди. Шундан бери телефонда гаплашиб туришарди.

Бир куни Нодира дугоналари билан Самарқандга зиёратга келди. Шу пайт Нодира Анзиратникига ҳам борди. Гап орасида Анзират танишининг қизи Гавҳар бир неча йилдан бери ўқишга киролмаётгани ҳақида гапирганди, Нодира қулай фурсатни бой бергиси келмади.

- Танишингизга мен ёрдам қилишим мумкин. Ҳозир тест марказига ишга ўтдим, - деди.

Унинг гапларига ишонган Анзират “ўзларинг гаплашиб олинглар” деб, Гавҳарнинг телефон номерини берди.

Нодира қиз билан гаплашиб, ёрдам қилишини билдирди.

- Харажати қанча бўлади, - деб сўради Гавҳар.

- Бошқаларни 3.000-4.000 доллар билан киритаяпман. Сиз Анзиратнинг таниши бўлганингиз учун 1.500 доллар беринг. Ишни бошлаш учун ярмини олдиндан берасиз. Ҳа, яна сенга ўхшаб имтиҳондан йиқилганлар бўлса, уларга ҳам айтавер.

- Мен уйдагилар билан гаплашиб кўрай, кейин натижасини айтаман, - деди Гавҳар.

Нодиранинг ошиғи олчи бўладиган бўлди. Гавҳардан ташқари СамДУнинг меҳнат факультетига киролмаган Машҳура ва шу университетининг ўзбек филологияси факультетига ҳужжат топшириб етарли балл тўплолмаган Вазиралар ҳам Нодира орқали ниятларига етишига ишонди.

Нодира бу қизларнинг оналари билан юзма-юз гаплашиб олди.

- Ўзим тест марказида ишлайман. Ҳамма жавоб варақлари бизнинг қўлимиздан ўтади. Тўғри жавоб бўлган варақлар билан алмаштириб қўяман. Олийгоҳга кирмоқчи бўлганлардан топсангиз, сизларники текинга тушади, - деди.

- Олдин бизникиларни ўқишга киргизиб қўйинг. Сизга ишонайлик. Кейин қанча одам десангиз топиб берамиз, - деди аёллардан бири.

Нодира Гавҳардан 500, Машҳурадан 850 ва Вазирадан қизи Ш.Номозовани ўқишга киргизиб қўйиш эвазига 490 доллари, паспорт нусхалари ҳамда ДТМ рақамларини олди. Тез кунларда ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб кетди. 

Нодира аввалига эрта-индин ҳал бўлади, деб алдаб юрди. Сўнг “пахта сезони” ўтсин деди. Хуллас, ортга суришдан нарига ўтмади.

Унинг гапларига ишониб, фарзандимизни қачон ўқишга чақираркан деб кутиб ўтирганларнинг тоқати тоқ бўлди. Ҳеч қачон кўрмаган, билмаган бир кишига ишониб, унга пул тутган аёллар қаттиқ пушаймон бўлди. Нодира чув тушириб кетган аёллар бўлиб ўтган воқеалар ҳақида тегишли жойга мурожаат қилишди.

Охир-оқибат Нодира барча зарарни тўлиқ қоплаб берди.

Суд Нодирага нисбатан тегишли жазо тайинлади.