Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Техника харид қилган фермер давлат томонидан молиявий ёрдам олади

Президентимизнинг 2019 йил 4 апрелдаги “Аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан ўз вақтида таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чақарувчиларни сифатли техника билан таъминлаш давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватланади ва тижорат банкларининг маблағлари жалб этилади.

Ғалла ўриш ва пахта териш техникаларини етказиб бериш Молия вазирлиги ҳузуридаги қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасининг 50 фоизидан ошмаган миқдорида, 7 йилдан 10 йилгача муддатга берилади.

Республикамизда ишлаб чиқарилган барча турдаги тракторлар, ғалла ва пахта экиш сеялкалари, шунингдек, омочлар харид қилиш учун кредит ва лизинг шартномалари бўйича фоиз харажатлари тижорат банклари ва лизинг компаниялари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 10 фоизлик миқдорида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

2019 йилда эксперимент тариқасида Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида теримга жалб қилинадиган пахта териш машиналари хизматидан фойдаланганлик учун харажатларнинг 30 фоизи Молия вазирлиги томонидан қоплаб берилади.

АТ “Халқ банки” ва “Микрокредитбанк” АТБнинг устав капиталига йўналтирилган маблағнинг 30 фоизини 2019 йилда маҳаллий қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилиш учун кредит ажратишга йўналтирилади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг қишлоқ хўжалиги техникаларини сотишдан тушган маблағлар 2020 йил 1 январга қадар қўшилган қиймат солиғидан озод этилди.

“Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖнинг 10 та хўжалик жамиятлари устав капиталидаги улушлари корхоналарнинг асосий фаолияти сақлаб қолинган ҳолда сотилади.

Қишлоқ хўжалиги техникалари учун бутловчи ва эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда 2021 йил якунигача маҳаллийлаштиришни 40 фоизга етказиш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилади.