Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

The Guardian газетаси Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг жавоб хатини эълон қилди

2 апрель куни Буюк Британиянинг The Guardian газетасида Тошкентдаги тўсатдан бузилишларнинг одамларнинг қаҳрини келтираётгани ҳақида материал эълон қилинган эди, деб ёзмоқда davletovuz.  Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев The Guardian газетасининг мазкур мақоласига жавоб берибди. The Guardian газетаси ҳокимнинг жавоб хатини эълон қилибди. Қуйида материалнинг таржимасини эътиборингизга ҳавола қиламиз: 

"Тошкент шаҳри ҳокими сифатида мен сизнинг “Огоҳлантиришсиз кўчирилди: Тошкентдаги тўсатдан бузилишлар одамларнинг қаҳрини келтирмоқда” мақолангизни ажабланиш ва ранжиш туйғулари билан ўқидим.

Уйларда яшовчилар уйлар бузилиши ҳақида огоҳлантирилмаган, деб ишонч билан таъкидлашнинг ўзи нотўғри. Уларнинг барчаси, айримлари эса икки йил олдиндан хабарнома олган.

Иккинчидан, сизнинг журналистингиз Тошкент шаҳри ҳокимлиги билан боғланмаган ҳамда жавоб бериш ҳуқуқини тақдим этмаган. Бунинг оқибатида репортажда ҳеч қандай текширилмаган ёки очиқ манбалардан тасдиқланмаган маълумотлар, хусусан, гўёки ўн мингта одам кўчирилгани ва яна 30 минг нафар аҳолининг уйлари бузилиш хавфи остида экани тўғрисидаги хабарлар келтирилган.

Тошкентда ҳеч бир кўчмас мулк ўз-ўзидан бузилаётгани йўқ. Тураржойлар оғир аҳволга келиб қолган, эскириб қолгандагина бундай ишлар амалга оширилмоқда. Кўп ҳолларда уйларнинг атрофидаги инфратузилма ҳам тўлиқ реконструкцияга муҳтож; баъзида эса сув таъминоти ва канализация тизими мавжуд бўлмаган ҳолатлар билан тўқнаш келяпмиз.

Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, уйларда истиқомат қилаётганларни тўлақонли хабардор этмасдан ҳамда компенсация тўғрисида ўзаро келишувга эришмасдан иншоотлар бузилиши мумкин эмас. Бундай келишув бир нечта шаклда тузилиши мумкин, жумладан, янги турар-жой тақдим этиш, кўчмас мулк объектининг тўлиқ бозор қиймати бўйича пулли компенсация бериш ёки шу икки шаклни қўшиб ишлатиш. Шунингдек, кўчиш вақтида логистика масалаларида кўмаклашилмоқда.

Биз шаҳримиз аҳолисининг турмушини яхшилаш ҳамда уй-жой фондимизнинг сифати ва хавфсизлигини оширишга интилмоқдамиз. Уйи бузилаётган барчага яхшиланган уй-жой таклиф этилган, ҳеч қандай қонунлар бузилмади.

Биз The Guardian газетаси журналистларини ажойиб шаҳримиз ҳақида кўпроқ билиш учун яна Тошкентга келиш ва тегишли ҳокимият  вакиллари билан учрашишга таклиф этамиз.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев,

Тошкент шаҳар ҳокими".