Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тиланчига қанча садақа бериш керак?

Хиёбонда китоб мутолаа қилаётган эдим. Ёши йигирмаларда чамаси бир қиз келиб, пул сўрай бошлади. Кўринишидан ночор, ёрдамга муҳтождек кўринди. Унга раҳмим келиб беш юз сўм узатдим.

- Устимдан куляпсизми? - қизнинг кошлари чимирилди - кўринишидан ҳоким деб ўйлайсан берган пулиничи.

Жуда ноқулай ҳолга тушдим. Бир жаҳлим чиқса, бир кулгим келарди. Тиланчи қиз берган пулимдан норози бўлиб нари кетди.

Бугун шаҳримизда тиланчилик билан шуғуллаётганлар, ҳалол меҳнат қилмасдан осон пул топишни касб қилганлар тобора авж олмоқда.  

Сиёб бозори ва Бибихоним масжиди атрофида тиланчиларнинг худди талончилардек пул талаб қиладиган тоифаси бор. Уларнинг дастидан кўчадан ўтиб бўлмайди. Улар пул бермаганингга қўймай, ортингдан судралиб келаверади, бу ҳам етмагандек, кир қўлларини кийимингизга суртаверади. Жирканганингиздан қандай қилиб пул бериб юборганингизни билмай қоласиз. Афсуски, бундай нохуш манзаралар ҳар куни хорижлик сайёҳлар кўз ўнгида содир бўлмоқда.

Яқинда тиланчилик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик жорий этилди. Ўзбекистонда тиланчилик билан шуғулланиш қонунан тақиқланди. Аммо, Самарқанд шаҳрида вазият ҳозирча ўзгаргани йўқ. Қонун кучга кирмаяптими ёки азалдан ҳалол меҳнат қилмасдан тиланчилик касби билан шуғулланадиган айрим шахсларга бу қонун тегишли эмасми? Ички ишлар тизими мутасаддилари бунга нима дейди?

Турғунбой Хидиров.