Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ТИВ Эронда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига мурожаат билан чиқди

Эрон ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари ҳамда уларнинг қариндошлари ва яқинлари диққатига.

2020 йил 1 мартдан бошлаб Теҳрон шаҳридаги Ўзбекистон Элчихонаси ҳузурида ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, у Эронда COVID-19 коронавирусининг тарқалиши билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарорлашгунига қадар туну кун фаолият юритади.

Элчихона маълум қилишича, ҳозирги пайтда 50 га яқин ҳамюртларимиз турли сабабларга кўра Эронда бўлиб турибди. Эрталаб, 6 март ҳолатига улар орасида коронавирус билан касалланганлар қайд этилмаган.

Элчихона Эрон томонининг ваколатли органлари билан доимий алоқада бўлиб турибди. Ишчи гуруҳ аъзолари учрашувлар, тушунтириш ишлари олиб бормоқда. Шунингдек, ватандошларга консуллик ҳуқуқий ва бошқа масалаларни ҳал қилишда ёрдам бермоқда.

Элчихона расмий веб-сайти ва “Телеграм” мессенжерида ташкил этилган махсус гуруҳ орқали Ўзбекистон фуқароларига Эрон ҳукумати ўрнатган меъёр ва қоидаларга, эҳтиёткорлик санитария чораларига қатъий риоя қилишларини, ватанга қайтиш ёки бошқа бир қарорга келишдан олдин хотиржамлик ва эҳтиёткорлик билан хулоса чиқаришни тавсия этади.

Шуни ёдда тутиш жоизки, Эрондан Тошкентга қайтгач, Ўзбекистон фуқаролари махсус тайёрланган жойда 14 кун давомида карантинда бўладилар.