Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тожмаҳал ижодкорини тарбиялаган малика

Ўзбек давлатчилиги тарихида хотин-қизларнинг алоҳида ўрни бўлиб келган. Айниқса, темурийлар хонадонида Сароймулкхоним, Гавҳаршодбегим, кейинчалик бобурийлар салтанатида Хонзода бегим, Моҳим бегим, Гулбаданбегим, Руқия бегим, Нуржаҳон, Мумтоз Маҳал, Жаҳонора бегим ва бошқа бир қатор маликаларнинг мамлакатлари тарихида қилган катта ишлари кўпгина тарихчилар асарларида ўз ифодасини топади. Руқия бегим, бошқа маликалардай сарой ишларида кўп иштирок этмаса-да, дунёга Шоҳ Жаҳондай инсонни тарбиялаб берган. Жаҳонгир Муҳаммад Хуррам ўғли ёки бўлғуси Шоҳ Жаҳон туғилганда унинг тарбиясини оқила ва маъсума катта аёли Руқиябегимга ишониб топширган.

Руқия Султон Бегим асли келиб чиқиши бобурийлардан бўлиб, Бобурнинг ўғли Мирзо Хиндолнинг қизларидан бири бўлади. Ёшлигида кўп китоб ўқиб турк, форс ва араб тилларини мукаммал ўзлаштирган. Шу даврларда бобурийларда бир одат бўлиб, унга кўра шаҳзодалар биринчи бобурийлар авлодидан бўлган қизга уйланишлари, чунки келажакда тахтга ўтириши лозим бўлган шаҳзоданинг қони тўлиқ бобурийларга тегишли бўлиши керак бўлган. Бобурийлар узоқ муддат давомида бу анъанага амал қилиб келишди. Ҳатто Шоҳ Жаҳон Аржумандбонуни биринчи марта кўрганидан севиб қолади, аммо отаси Жаҳонгир унга биринчи хотин сифатида Аржумандбонуни олиб бермайди. Худди мана шу анъанага кўра Ҳиндистон ва Европада Улуғ Акбар деган олий мақомга эга бўлган Акбарнинг катта хотини Руқия султон бегим бўлади.

Руқия бегим доимо ўзининг катта хотинлик мавқеини сақлаб қолган. Чунки у оқила, доно ва бобурийлар хонадонининг тинчлиги ва осойишталиги, ота-болалар ва ака-укаларнинг бирдамлиги учун жон куйдириб келган. Бобурий маликаларга хос бўлган бу одат у хонимни ҳам тарк этмаган. Тарихдан маълумки, Хонзода бегим, Гулбадан бегим бу икки малика ҳам доимо бобурийлар салтанатининг бирлиги ва қудрати учун жон куйдиришган. Ўз оилаларидан кўра укаси ва отаси яратган давлатнинг тақдири улар учун муҳимроқ бўлган.

Отаси Улуғ Акбардан сўнг Ҳиндистон тахтига ўтирган шоҳ Жаҳонгир, ҳинд хотинидан туғилган Муҳаммад Хуррам, келажакдаги Шоҳ Жаҳоннинг тарбиясини Руқия Бегимга ишонади. Чунки ёш шаҳзода бобурийлар руҳига мос тарбия топиши керак эди. Кейинчалик ростдан ҳам бу шаҳзода Ҳиндистонда бобурийларнинг шуҳратини оламга ёйди.

Руқия Бегим узоқ умр кўради ҳижрий-қамарий 1035 (1625) йил¬да 84 ёшда севимли эри қурган Акбаробод шаҳрида оламдан кўз юмади. Саройнинг номдор ва нуфузли маликаси бўлмиш Руқия Султон Бегим ўз номига кўра иззат ва икром билан дастлаб Акбарободга дафн этилади. Жаҳонгир подшоҳ онаси бўлмиш Руқия Султон бегимниг ўлимидан қаттиқ қайғуга тушади, чунки у отасини доимо эслатган ва доно маслаҳатлар бериб келган бобурий малика бўлган. Маликанинг хоки кейинчалик Жаҳонгир томонидан Кобулга кўчирилиб, отаси Мирзо Ҳиндол ва бобоси Заҳириддин Бобурлар дафн этилган қабристонга қуйилади.

Бу маликанинг қабри ҳеч қачон ташлаб қўйилмаган. Ўз фарзанди бўлмаса-да, тахтга ўтирган бобурийлар ушбу маликага нисбатан ўз меҳр ва муҳаббатларини изҳор қилиб келишган. Ўзи тарбиялаган Шоҳ Жаҳон 1050 (1641) йили Қо¬булга, бобоси қабрини зиёратга келганида катта онаси Руқия Бегим қабрини ҳам зиёрат қилган. Иккинчи марта 1056 (1647) йилда Кобулга келганида у яна Руқия Бегим қабрини зиёрат қилиб, унинг атрофини янгидан тиклашга фармон беради. Чунки очиқ ҳолатда тургани учун қабр тошлари ранги учиб қолган бўлади. Шунда Шоҳ Жаҳон қабрнинг ён атрофларни ўратиб, устига айвонлар қурдиради. Шоҳ Жаҳон тахтга ўтирганидан сўнг Руқия Султонга ўзига хос кўринишдаги улуғвор қабр тоши ўрнатади. Бу тош олти бурчакли бўлиб, нафис гулбарглардан нақшлар солинган ва устига кимга тегишли эканлиги чиройли қилиб битилган бўлади.

Дилором ЁРМАТОВА.